Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида 5 декабрь куни мамлакатимизга хорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилишга бағишланган “FDIUZ” халқаро бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан RB Partners (Россия) ва Globalscope (Буюк Британия) халқаро ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир мамлакатимизга хорижий сармояларни жалб қилишга оид халқаро тажрибаларни ўрганиш, бизнес-жамоатчилиги вакилларининг тармоқлараро ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар муҳокамасига бағишланди.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.Аҳмадхўжаев ва бошқалар 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда чет эл инвестицияларининг кириб келишини рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг жаҳон иқтисодиёти тизимига қўшилишини қўллаб-қувватлашда сармоядорларнинг молиявий ва бошқа ресурсларини мақсадли йўналтириш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда илғор технологияларни амалиётга кенг жорий этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, инвестиция, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳасидаги етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассислар, илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Унда мамлакатимизга сармоядорларни жалб қилишнинг илғор воситалари ва имкониятлари, иқтисодиётни либераллаштиришнинг истиқболдаги устувор йўналишлари каби муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди. “Globalscope International M&A Association” халқаро молия уюшмаси, “Strategy Partners Group”, “RB Partners Group&Globalscope”, “Islamic Corporation for the Development of Private Sector” каби халқаро компания раҳбарларининг давлат корхоналарига инвестиция киритишни рағбатлантириш, давлат-хусусий шериклик механизми, сармоядорларни жалб қилишда стратегик ёндашувни ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган маърузалари тингланди.
– Ўзбекистоннинг кейинги беш йиллик истиқболини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилишнинг барча жабҳалари қамраб олинган, – дейди “Strategy Partners Group” директорлар кенгаши раиси Александр Идрисов. – Уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши бевосита мавжуд имкониятлар ва сармоялардан самарали фойдаланишга боғлиқ. Бугунги форум мамлакатингизда инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш, тармоқлар ва мамлакат минтақаларини ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли дастурларнинг жорий ҳолатини таҳлил этиш имконини берди.
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, соҳанинг ҳуқуқий базасини жаҳон стандартлари даражасида такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки томонидан тузилган “Doing business – 2018” рейтингида Ўзбекистон 13 поғона кўтарилиб, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари ўнталигига киритилди.
Анжуман иштирокчилари чел эл инвесторлари ва халқаро молия институтларини Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити ҳақида хабардор қилишни ташкил этиш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш борасидаги ишлар жадал тус олганини алоҳида қайд этди.
Дунёнинг энг яхши ҳуқуқшунослик фирмалари ўнталигига кирувчи “Baker McKenzie” компаниялар хизматларини бирлаштириш, олди-сотди шартномалари, бизнесда солиқ тизими фаолиятини юритиш бўйича халқаро даражадаги хизматлар кўрсатади. Мазкур компания вакили Макс Гутброд маъруза қилди ва бизнесда бошқарувни сотиб олиш, компанияни қайта тузиш, молиявий шароитларда корхонанинг тўлов қобилиятини ошириш каби йўналишлардаги илғор тажрибалар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда чет эл инвестицияларининг ўрни, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни эркинлаштиришнинг жорий ҳолатига оид масалалар муҳокама қилинди.