Ўзбекистон замини нафақат пахта, балки қишлоқ хўжалигининг бошқа экинларидан ҳам мўл ва сифатли ҳосил олиш учун қулайлигини деҳқонларимиз кейинги 26 йилда бутун дунёга намойиш этиб келмоқда. Бир пайтлар халқимиз эҳтиёжи учун зарур доннинг деярли барчаси собиқ иттифоқнинг турли минтақаларидан келтирилган бўлса, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ғаллани тўлиқ ўзимизда етиштириш йўлга қўйилди. Кўп ўтмай Ўзбекистон ушбу маҳсулотни экспорт қиладиган давлатлар қаторидан жой олди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тармоғида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишдаги ишлар бугун ҳам изчил давом эттирилмоқда. Янги боғ-роғлар барпо этилиб, озиқ-овқат экинлари майдонлари кенгайтирилаётир.
Самарқанд вилоятидаги 20 минг 400 га яқин фермер хўжалигининг 8 минг 400 дан ортиғи боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланади. Улар ўз тасарруфидаги 40 минг гектар узумзор, 33 минг 500 гектар мевали боғдан ҳар йили мўл ҳосил етиштириб, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, ушбу майдонларда етиштирилаётган ҳосилнинг салмоқли қисми хорижга экспорт қилиниб, хўжаликлар иқтисоди мустаҳкамланаётир.
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси халқимиз турмуши фаровонлигида, фермер хўжаликларимиз иқтисоди мустаҳкамланиб, қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб бораётганида ўз аксини топмоқда, – дейди Самарқанд вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Сафаров. – Лекин статистик рақамларга қарайдиган бўлсак, кечаги кун билан бугун ўртасида қанчалик катта тафовут борлигини яққол кўрамиз. Маълумотларга кўра, 1990 йилда вилоятда 526 тонна сабзавот, 99 тонна узум, 62 тонна мева етиштирилган. Якунига етаётган 2017 йилда эса 1 миллион 685 минг тонна сабзавот, 585 минг тонна узум, 438 минг тонна мева етиштирилди. Ва бу маҳсулотларнинг учдан бир қисми экспортга йўналтирилди.
Боғдорчиликда жаҳоннинг илғор тажрибаси, замонавий агротехнологиялар ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳосилдорликнинг муттасил ўсиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, интенсив технология асосида боғ яратиш ҳар томонлама ўзини оқлаб, замонавий боғдорчиликнинг асосий йўналишига айланди. Самарқандлик фермерлар мамлакатимизда биринчилардан бўлиб ушбу йўналишда фаолиятни йўлга қўйди, бу борада бой тажриба тўплади. Айни пайтда вилоятдаги 100 дан ортиқ фермер хўжалиги томонидан 10 минг 300 гектар майдонда интенсив усулда боғ яратилиб, мўл ҳосил олинмоқда. Бу юртимиз вилоятлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Вилоятдаги дастлабки интенсив боғлар учун пакана ва ярим пакана дарахт кўчатлари, томчилатиб суғориш технологиялари валюта ҳисобига хориждан келтирилар эди. Кейинчалик бу амалиёт ҳам ўзлаштирилиб, интенсив боғларга мўлжалланган дарахт кўчатларини вилоятда етиштириш ўзлаштирилди. Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси мутахассислари олма, шафтоли, ўрик, қароли ва бошқа мевали дарахтларнинг тупроқ ва иқлим шароитимизга мос интенсив кўчатларини яратиб, республика бўйича тарқатишни йўлга қўйди. Шунингдек, интенсив кўчат етиштириш билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ва корхоналар фаолият бошлади. Айни пайтда улар юртимизнинг барча ҳудудларига турли касалликларга чидамли, серҳосил кўчатлар етказиб бермоқда. Ҳатто, яқин қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилмоқда.
– Кейинги пайтда фермер хўжаликлари билан бирга, деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг ҳам интенсив дарахт кўчатларига талаби ортмоқда, – дейди академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси директори Жамшид Аҳмеджонов. – Шу сабабли ярим пакана ва пакана интенсив дарахт кўчатлари етиштиришни йил сайин кўпайтириб боряпмиз. Бу йил баҳорги мавсумда 400 минг тупдан ортиқ интенсив кўчат сотдик. Бугунги кунда дунё бозорида харидоргир бўлган ёнғоқ, унаби, писта ва бошқа қимматли мевалар етиштиришни кўпайтириш борасида юртимизда олиб борилаётган ишлардан руҳланиб, жорий йилдан бошлаб ёнғоқ ва унабининг хориждан келтирилган уруғлари асосида кўчатчиликни йўлга қўйдик. Яқин йилларда бу борада ҳам ўз тажриба мактабимизни яратамиз.
Дарвоқе, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда вилоятнинг дашт ва тоғли ҳудудларида интенсив технология асосида ёнғоқзор ва токзорлар барпо этишга киришилди. Тегишли дастурга кўра, 2017-2018 йилларда Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом, Пайариқ, Самарқанд, Ургут ва Қўшработ туманларининг тоғолди ҳудудларида 5,7 минг гектар ёнғоқзор ва 13 минг гектар токзор ташкил этилади. Шу йилнинг ўзида вилоят бўйича 2 минг 500 гектар ёнғоқзор, 6 минг 600 гектар токзор яратилди.
Жумладан, Қўшработ туманидаги “Оқтепа унумдор замини” фермер хўжалиги томонидан лалми майдонда интенсив технология асосида 50 гектар ёнғоқзор барпо этилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 14 апрель куни вилоятимизга ташрифи чоғида хўжалигимизда бўлиб, Оқтепа қишлоғи даштларида янги ташкил этилаётган ёнғоқзорга илк кўчатни қадаган эди, – дейди Қўшработ туманидаги “Оқтепа унумдор замини” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Бинаев. – Умуман, баҳорги мавсумда далаларимизда хориждан келтирилган 10 минг туп ҳосилдор ёнғоқ кўчати экилди ва интенсив технология асосида парваришланмоқда. Бу ишларни давом эттириб, келгуси йилда ёнғоқзорларни бир неча баробар кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Ургут тумани ҳудудидаги тоғ ён бағирларида ҳам ёнғоқ, бодом, писта, унаби етиштириш бўйича дастурга кўра, 10 минг гектардан ортиқ ер майдони ажратилган.
– Ўтган йили октябрь ойида Президентимиз Ургутга ташрифи пайтида туманнинг лалми, тоғолди ерларидан самарали фойдаланиш, интенсив усулда узумзор ва ёнғоқзорлар ташкил этиш, катта майдонларда писта, бодом, унаби экиш юзасидан топшириқлар берган эди, – дейди Ургут тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бекзод Тугалов. – Белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 1 минг 857 лойиҳа ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Унга кўра, 2020 йилга қадар туманда 1 минг 700 гектар ерда ёнғоқзор барпо этилади. Янги ташкил этилган фермер хўжаликлари бу борада амалий ҳаракатни бошлаб юборган.
Туманда хориждан келтирилган ёнғоқ кўчатларини маҳаллий шароитда етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Темур Тўлаган кўчат ва ниҳоллари” фермер хўжалигида ёнғоқнинг жаҳон бозорида талаб юқори бўлган “Chandler” (“Чандлер”) нави кўпайтирилмоқда.
– Германия ва Туркияда ёнғоқ кўчатлари тайёрлаш бўйича тажриба ўрганиб қайтдик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Одил Бобоев. – Ҳамкорларимиз фаолияти билан танишиб, “Чандлер” навли ёнғоқдан олиб келдик. Бу нав ёнғоқ иқлимимизга мос, оқ мағиз ва экспортбоплиги билан бизга маъқул бўлди. Ҳозир 1,2 гектар майдонда 150 минг туп ёнғоқ кўчати ўстираяпмиз. Келгусида кўчат майдонларини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори юртимизда лалми ерлардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, замонавий ёнғоқ плантациялари барпо қилиш орқали ички ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган ёнғоқ етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қаратилгани билан соҳа ривожида муҳим қадам бўлди.
Қарор асосида Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилиб, унинг вазифалари белгилаб берилди.
– Бир қатор вилоятлар, жумладан, Самарқандда 2 минг 500 гектар тоғолди ва лалми ер майдонларида интенсив ёнғоқзор ташкил этиш режалаштирилган, – дейди Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Камол Абдуллаев. – Ҳозиргача Жомбой туманида 500 гектар майдонда синов тариқасида ёнғоқнинг хориждан келтирилган янги – “Чандлер” нави экилди. Кўчатларнинг деярли 90 фоизи кўкариб, иқлим шароитимизга мослаштирилмоқда. Келгуси йилда ҳам бу ишлар кенг кўламда давом эттирилади.
Юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини сифатли сақлаш ва экспорт ҳажмини оширишда замонавий совитиш камерали корхоналар аҳамияти катта. Мазкур йўналишда вилоятда узоқ муддатли дастурлар асосида иш олиб борилиб, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган омборлар ташкил этилмоқда. Айни пайтда вилоятда 100 минг тоннага яқин маҳсулотни сақлаш қувватига эга 70 совуткичли омборлар ишлаб турибди. 2017 йилда умумий миқдори 8 минг 250 тонналик 11 янги музлаткичли омбор ташкил этилди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи 100 га яқин корхона, 60 дан ортиқ қайта ишлаш корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Келгуси йилларда уларнинг сонини янада кўпайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолини сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи глобал аҳамият касб этаётган бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиб, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар халқимизнинг мева-сабзабот, боғдорчилик ва полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ҳамда ушбу тармоқ орқали давлатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.