USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Душанба, 18 Ноябрь

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Республикада матбаа ва ноширлик соҳасини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, босма маҳсулотлар бозорини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, матбаа ва ноширлик соҳасида ҳозирги кундаги ишлар аҳволи матбаа ва ноширлик ташкилотлари ўртасида рақобат муҳитини кучайтиришни, муаллифлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини чеклаш, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этиш тартибини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Ноширлик ва матбаа соҳасида давлат аралашувини кескин камайтириш, нашриёт ва матбаа соҳасида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, шунингдек, таълим муассасалари учун сифатли дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар етказилишини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик):

2020 йил 1 октябрдан бошлаб республика бюджети маблағлари ва Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда (қайта нашр этишда) нархларни давлат томонидан тартибга солишни (рентабелликнинг чекланган даражасини белгилаш) бекор қилиш;

2020 йил 1 июлдан бошлаб ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартибларини бекор қилиб, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизимини жорий қилиш;

2021 йил 1 январдан бошлаб ноширлик ва матбаа корхоналарининг босма маҳсулотларини реализация қилишдан, шунингдек, босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумдан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” фондига ажратмаларни бекор қилиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ноширлик ва матбаа корхоналари, шу жумладан, давлат буюртмасини бажарувчи корхоналар нархни шакллантириш сиёсатини бозор механизмлари асосида эркин шакллантиради;

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат буюртмаси асосида босма маҳсулотлар, шу жумладан, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳам қатнашиши мумкин бўлган, давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда мазкур тартиб корпоратив буюртмачилар учун ҳам мажбурий ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ноширлик ва матбаа фаолиятини юритишни бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Агентлик ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўқитувчи матбаа уйи” давлат корхоналарини ўрнатилган тартибда хусусийлаштириш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш;

Кўзи ожизлар босмахонаси” давлат корхонасини Давлат активларини бошқариш агентлигига самарали фойдаланиш учун ўтказиш;

Ўқитувчи илмий-методик нашриёт маркази” давлат корхонаси ва Агентлик ҳудудий бўлинмалари тизимидаги (Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари) нашриётлар фаолиятини тугатиш;

Агентлик тизимида “Ўзбекистон нашриёти” давлат корхонасини ташкил этиш, унга “Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти” давлат корхоналарини қўшиб олиш ҳамда “Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи” давлат корхонасининг ноширлик базасини, шу жумладан, интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқларини ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси (А.Н.Арипов) икки ҳафта муддатда мазкур бандда назарда тутилган давлат корхоналарини баҳолаш, қайта ташкил этиш, савдога қўйиш ва тугатиш графикларини тасдиқласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги:

а) бир ой муддатда “Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ўқитувчи матбаа уйи” ва “Кўзи ожизлар босмахонаси” давлат корхоналарини белгиланган тартибда қабул қилиб олсин;

б) халқаро аудит ва консалтинг ташкилотларини жалб қилган ҳолда
икки ой муддатда:

давлат иштирокидаги нашриёт-матбаа корхоналарини хусусийлаштиришга тайёрлаш ва уларнинг жозибадорлигини ошириш бўйича ҳар бир тадбирни аниқ амалга ошириш муддати ва масъул шахслар кўрсатилган чора-тадбирлар режаларини тасдиқласин;

белгиланган тартибда сотилмаган ҳамда тугатилган нашриёт-матбаа корхоналарининг мол-мулкидан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Белгилансинки:

Агентликнинг тугатилаётган нашриёт ташкилотларига тегишли мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари (дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга нисбатан ҳуқуқлар бундан мустасно) янги ташкил этилаётган “Ўзбекистон нашриёти” давлат корхонасига ўтказилади;

Агентликнинг нашриёт ташкилотларининг дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга нисбатан мавжуд мутлақ муаллифлик (ноширлик) ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига беғараз ўтказилади;

таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари техник регламент талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши шарт.

6. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига умумий ўрта таълим муассасалари, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларининг барча синфлари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг фойдаланиш (янги ва қайта нашр этиш даврийлиги) муддатларини белгилаш, шунингдек, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда умумий ўрта таълим муассасалари барча синфлари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни қўшимча чоп этиш юзасидан қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилсин. Бунда, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг мазмуни асоссиз ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази (кейинги ўринларда – Марказ) фаолиятини қайта кўриб чиқиб, тубдан такомиллаштириш;

Марказга умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш бўйича муаллиф ва тузувчиларни танлаш, яратилган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш, синовдан ўтказиш, уларни таълим тизимида қўллаш бўйича илмий хулоса бериш вазифаларини юклаш;

таълим соҳасидаги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар тайёрлаш, нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, уларда хато ва камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, давлат буюртмасига асосан тайёрланадиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқларни Халқ таълими вазирлигига ўтказиш;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш билан боғлиқ илмий-техникавий лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиладиган илмий ходимларни бажарадиган илмий-техникавий ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда муайян муддатга шартнома асосида ишга қабул қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” фондини янада ривожлантириш ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Агентлик, Молия вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ижодий кўрик танловларни ташкил этиш, иқтидорли ёш муаллифларнинг биринчи китобларини нашр этиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Б.Ходжаев) бир ой муддатда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда ишлаб чиқарилаётган матбаа маҳсулотларининг таннархини камайтириш мақсадида импорт қилинаётган хомашёларни (қоғоз, картон, бўёқ ва елим) ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантирсин ва тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси умумий ўрта таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этиш ва қайта нашр этишга тендер (танлов) савдоларини ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтирсин.

11. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига ахборот, ноширлик
ва матбаа соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш
ваколати юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

12. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларида ноширлик фаолияти соҳасидаги таълим йўналишларини такомиллаштириш чораларини кўрсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда хорижий давлатлар таълим тизимида фойдаланилаётган STEAM фанлари (Science – табиий фанлар, Тechnology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Аrt – санъат, Мathematics –математика) бўйича замонавий дарсликларни республика умумий таълим муассасаларида татбиқ этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

14. Агентлик икки ой муддатда:

Адлия вазирлиги билан биргаликда ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

нашриёт ва матбаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларини қайта кўриб чиқсин ҳамда замон талабларига жавоб бермайдиган норма ва нормативлар, жумладан, ижодий ишларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш учун Ёзувчилар уюшмасининг хулосасини олиш амалиётини бекор қилиш чораларини кўрсин;

Адлия вазирлиги билан биргаликда ноширлик ва матбаа соҳасидаги
қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

“Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда таълим муассасалари учун полиграфия маҳсулотларининг хавфсизлиги ҳақида умумий техник регламентни халқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 16 март

 

ЎзА