Шавкат Мирзиёев: пиллачилик кластерларини кўпайтирамиз

Давлатимиз раҳбари Янгиариқ туманидаги “Хоразм пилла холдинг” корхонаси фаолияти билан танишди.

Бир йил олдин корхона ўрнида 70 йиллар олдин қурилган эски пиллахона бўлган. Шу атрофда яшаётган хотин-қизларни эса ишсизлик масаласи қийнаб келарди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатда кластер усулида пилла етиштириш тизими йўлга қўйилгани янгиариқлик хотин-қизлар ҳаётида ҳам янги саҳифани бошлаб берди.

Гап шундаки, эски пиллахона ўрнида замонавий жиҳозланган, кластер усулида ишлаш режалаштирилган “Хоразм пилла холдинг” масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлади. Корхонада босқичма-босқич лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда 2 та пиллани қайта ишлаш линияси ишга тушурилди. Бунинг учун тадбиркор 1,3 миллион доллар маблағ сарфлади. Корхонада пилладан хом ипак, ипак момиғи ишлаб чиқарилади, 50 дона замонавий дастгоҳда ипак гилам тўқилади. 2 сменада 200 доимий, 1800 нафар мавсумий ишчи, асосан хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Корхонада 2020 йилда 1 миллион 159 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган. Лойиҳа учун сарфланган маблағ 5 йилда қопланиши кутилмоқда.

Хоразмда пиллани қайта ишлаш бўйича илғор тажрибалар оммалашмоқда. 2019 йилда вилоятда “Хоразм ипаги”, “Khiva silk fabric”, “Urganch silworn pro” ва “Хоразм пилла холдинг” каби пиллани қайта ишлаш корхоналари иш бошлади. Жорий йилда вилоятда пиллачилик соҳасида 1649 доимий ва 4 марта пилла етиштириш мавсуми ҳисобига 55 минг 585 мавсумий иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

“Хоразм пилла холдинг” корхонаси 2020 йил охирига қадар “Afghan Bazar Garpets” хорижий корхонаси (Германия) билан ҳамкорликда ипак, жун ва пахта толаси аралашмасидан қўлда гилам тўқиш цехини очмоқчи. Бу билан яна 200 хотин-қиз иш билан таъминланади. Лойиҳа тутзорлар ташкил қилишдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга бўлган жараённи қамраб олади. Маҳсулотлар Европа ва АҚШ бозорларига экспорт қилинади.

Президентимиз хотин-қизлар учун муносиб иш ўрни яратиш омили бўлган бу каби кластер усулидаги корхоналарни ҳар бир туманда ташкил қилиш кераклигини таъкидлади.

– Хомашё етиштиришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён ҳар бир туманда йўлга қўйилиши керак. Бу жараёнга асосан тадбиркорларни жалб этиш яхши самара беради. Ўзбек ипак маҳсулотларига бозор бор экан, бу каби кластерларни кўпайтирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА