Ўзгаришни истамай, қайсарлик қилаётган раҳбарларни қатъий жазолаш шарт

Жамиятимиздаги бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа ва ҳодисалар шиддатида баъзи раҳбарларимиз бошқарувда жуда катта ўзгариш бўлганини илғаб олишга қийналяпти. Айрим раҳбарлар эса билиб туриб ўзгаришни истамаяпти, қайсарлик қилиб эски қоидаларни қумсаётганини билдириб қўйяпти.

Охирги йилларда инсонга муносабат тубдан ўзгарди. Бу жамиятимиздаги энг характерли ислоҳот бўляпти. Давлат амалдори халқни ҳурмат қилишга мажбур. Биз шу қоидани ҳамма бўғиндаги раҳбарлар ва хизматчиларга сингдира олмасак, ҳозирги ўзгаришлар бардавом бўлиши жуда қийин. Бунинг учун қатъият ва принципиаллик кўрсатишимиз зарур.

Соҳибқирон Амир Темурнинг “Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, ўша ерда эркинлик бўлади”, деган ўгити бугун ҳам ўзига хос маъно касб этмоқда. Эркин ва адолатли жамият қуриш учун қонунга таянишимиз ва қонун устуворлигига эришишимиз лозим.

Лекин раҳбар ходимларда қонунга нописандлик қилиш, одамларни ерга уриб руҳий таъсир ўтказишга уриниш, гўёки ўзининг зўрлигини кўрсатиб қўйишга уриниш ҳолатлари кузатиляпти. Бундай ҳолатлар кўпайиши, айбдорлар жазосиз қолиши одамларда қонунга, давлатга нисбатан ишончсизликни туғдириши мумкин.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқаган, Миришкор тумани ҳокими томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик бунинг яққол далилидир.

Бундай ҳолат ҳокимлар томонидан биринчи марта содир этилаётгани йўқ. Хўш, нима учун Президент огоҳлантиришлари, Сенат кўрган чоралар ҳокимларга хулоса учун асос бўлмаяпти?

Ахир ҳоким бир ҳудуднинг каттаси, барчага ҳар томонлама ўрнак шахс бўлиши керак. Халқимиз табиатан тақлидни яхши кўради, айниқса, раҳбарлар, таниқли шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, кийиниши, сўзлаши кўпчиликка эталон бўлишини ҳаммамиз биламиз. Шу томондан қаралганда, сўконғич, беодоб, ҳуқуқбузар раҳбар кўпчиликнинг, айниқса, ёш ходимларнинг дунёқарашига жиддий зарар етказиши аниқ.

Менинг фикримча, раҳбарлар томонидан содир этилаётган бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш учун қонун қатъий қўлланиши керак ва бу жараён жамоатчиликка кўрсатилиши лозим.

Керак бўлса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс билан барча раҳбарларни таништириш шарт. Ким билади, сўконғич ҳокимлар бу кодексни очиб кўрганми-йўқми?!

3-модда: “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади”.

10-модда: “Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади”.

25-модда: “Жарима маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундиришдир.

Фуқаро ва хизматчиларга солинадиган жариманинг энг кўп миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ошмаслиги керак. Баъзи ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин”.

Ҳокимлар, умуман, раҳбарлар ҳуқуқбузарлик содир этганда, албатта, қонун устуворлиги таъминланиши, кўрилган жазо чораси ҳақида аҳолига тезкор маълумот берилиши керак. Бизда шу нарса етишмаяпти. Эҳтимол юқорироқда ўтирган баъзи раҳбарлар қозонни ёпишга уринаётгандир. Лекин айбдор раҳбарлар жазосиз қолиши ҳеч қачон яхши оқибат келтирмайди, салбий ҳолатлардан сақлай олмайди.

Одамларни, жамоатни қадрламаган раҳбар ёки хизматчи давлатнинг ўзини ҳам ҳурмат қилмаган бўлади аслида. Сўконғич, уронғич раҳбарлар ҳаракатларига қонунга ва ана шу мезонга суяниб иш тутишни ўрганмасак, давлат ўзгараётганига одамларни ишонтира олмаймиз.

Мақсуда Ворисова, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 
ЎзХДП фракцияси аъзоси

ЎзА