Ялпи мажлисда сенаторлар Давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларини ижро этиш ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Парламент сўровида кўтарилган масалалар, хусусан, Давлат божхона хизматига оид қонун ҳужжатларининг ижросини тўлақонли таъминлаш, мазкур хизматда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Мажбурий ижро бюроси ва бошқа давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда катта ҳажмли ва оғир вазнли юк ташувчи транспорт воситалари учун рухсатнома бериш билан боғлиқ амалдаги тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилган.
Бироқ, амалга оширилган ишлар билан бирга, парламент сўровида кўтарилган баъзи масалаларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаганлиги оқибатида соҳада айрим тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.
Чегара божхона постлари яқинида автотранспорт воситалари билан боғлиқ тирбандликларнинг олдини олиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилмаган.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мамлакатимиздаги чегара божхона постларида банклар томонидан кеча-ю кундуз валюта айирбошлаш, пул маблағларини нақд пулга алмаштириш, нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминалларини ўрнатиш чоралари кўрилмаган.
Қўшни давлатлар чегара божхона постларида доимий равишда юзага келаётган тирбандликларни бартараф этиш ва Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш борасида қўшни давлатлар божхона хизматлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари орасида ўзаро ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилганлиги ёки кўрилиши режалаштирилганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот тақдим этилмаган.
Мажлисда парламент сўрови натижалари тўғрисида қарор қабул қилинди.
Нурилло Насриев, ЎзА