"Oʻzbegim ayoli – 2020" Миллий мукофоти тақдирлаш маросими ўтказилди

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни 

Пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида «Oʻzbegim ayoli – 2020» Миллий мукофотини тантанали топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан театр саройига вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, онахонлар, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар таклиф этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоат фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари С.Мирзиёева аёлларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келаётганини таъкидлади.

photo5382198414437100699.jpg

Юртимизда аёлларни қўллаб-қувватлашга оид лойиҳалар, ижодий танловлар, наинки онажонлар байрами арафасида, балки мунтазам ўтказилиши яхши анъанага айланган.

Аслида соғу беморлигига қарамай, оиласи, муқаддас қўрғони, фарзанду неваралари атрофида доимий посбондек гирдикапалак бўлган, уларни оқ ювиб оқ тараган, умрини рўзғорнинг битмас-туганмас ташвишларига бағишлаган мушфиқ онахонларимиз, мунис аёлларимиз, чеҳрасидан нур ёғилувчи бувижонларимизнинг бари қаҳрамон.

“Milliy” телеканали мамлакатимизнинг барча онахонлари, аёлларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган ҳолда, ҳар йили “Oʻzbegim ayoli” Миллий мукофоти учун танлов-тақдимотни муваффақиятли ўтказиб келмоқда.

photo5379717237600005311.jpg

Жорий йилда мазкур мукофот учун бўлиб ўтадиган танловга мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 100 нафардан ортиқ аёлнинг ҳужжатлари тақдим этилди. Танлов ғолибларини аниқлашда уларнинг ибратли фаолияти, фидойилиги, намунали эзгу амалларига асосий эътибор қаратилди. Ҳакамлар хулосаларига кўра, уларнинг ўн бир нафари ғолиб деб топилди.

“Самимий аёл“ номинацияси ғолиби Сабоҳат Жалолова турмушнинг турли синовларини матонат билан енгиб келади. Сабри синовларда тобланган аёл ўзгаларга кўмаклашишдан чарчамайди. У Баҳодир Жалоловдек бокс бўйича чемпионнинг онаси.

Яна бир чемпион Муроджон Аҳмадалиевнинг онаси – Ойшахон Фаёзова ҳам мазкур номинациянинг ғолиби. Онахон ўттиз йилдан ортиқ ўқитувчи бўлиб ишлаб, эндиликда маҳалла фуқаролар йиғини яраштирув комиссияси таркибида фаолият кўрсатмоқда. У кўплаб нотинч оилаларнинг ажралишига йўл қўймади. Эҳтиёжмандларни уй-жой, иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

photo5382198414437100700.jpg

“Сабрли аёл“ номинацияси ғолиби Лола Раҳмонова дунёни қалб кўзи билан кўрса-да, бешта тилни билади.

“Иродали аёл“ номинацияси соҳибаси Нилуфар Аҳмедова матонатини ҳаётнинг ҳеч қайси синовлари синдира олмаган. Эндиликда Нилуфар сузиш бўйича Ўзбекистон чемпиони.

“Довюрак аёл“ йўналиши ғолиби Калбике Жиемуратова қанчадан- қанча чақалоқларнинг соғ-омон дунёга келишини таъминлаган. Дояликдек ғоят қалтис касбда она ва бола ҳаётини асрашни муқаддас бурч, деб билади.

photo5379790200504429727.jpg

– Эллик бир йилдан бери шу соҳада меҳнат қилмоқдаман, – деди К.Жиемуратова. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бизнинг Мўйноқда ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси қалбимизга ифтихор бағишлайди.

Тадбирда яна бир гуруҳ фидойи аёлларимиз турли номинациялар бўйича ғолиб бўлдилар.

Тадбирда мукофот соҳибаларига махсус статуэтка, диплом ва эсдалик совғалари тантанали топширилди. Мафтункор баҳор соғинчи, жонажон Ватанимиз, мунис онажонларимиз мадҳ этилган куй-қўшиқлар ижро этилди.

 

Назокат УСМОНОВА, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА