Мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат Душанбе «Катта Дубулға» турнири якунланди.

Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган  уч кунлик нуфузли мусобақада 65 давлатнинг 390 нафар маҳоратли дзюдочилари медаллар ҳамда Париж-2024 Олимпиадасининг рейтинг очколари учун кечган баҳсларда ўз омадларини синаб кўрди.

Ёш дзюдочилардан иборат таркиб билан иштирок этган мамлакатимиз терма жамоаси учун Душанбе татамиларидаги беллашувлар тажриба-синов вазифасини ўтади. Шундай бўлса-да, истеъдодли спортчиларимиз баҳсларда муносиб қатнашди.

Умидли дзюдочиларимиздан Муҳаммад Жумаев -73 килода кучли спортчилар билан муносиб беллашиб, бронза медалига сазовор бўлиш асносида Халқаро дзюдо федерациясида илк бор ўз рейтинг очколарини жамғаришга муваффақ бўлди.

Халқаро турнир якунига кўра, умум жамоада Швейцария терма жамоаси 2 та олтин ва 2 та кумуш медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Австрия терма жамоаси 2 та олтин, 1 та кумуш медаль билан иккинчи, италияликлар 2 та олтин, 1 та бронза медали билан кучли учликдан жой олишди.

Тожикистонлик дзюдочилар 1 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза медали эвазига 4-ўрин билан кифояланди.

Энди юртимиз дзюдочилари 10-12 май кунлари Қозоғистонда ўтадиган «Катта дубулға» турнирида иштирок этишади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА