Ғалабани Берлинда кутиб олган Нурулла бобо китоб совға қилди

Нукус шаҳри Пушкин кўчасидаги 16-уй. Остонадан ичкари одимлар экансиз, дарвозада осилган пешлавҳа эътиборингизни тортади: “Бу уйда ҳурматли нуроний, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдуллаев Нурулла яшайди” …
Нуронийлар – ҳаёт ҳикмати. Уларнинг умр йўли ёшларни ҳамиша ҳалол ва меҳнатсевар бўлиб яшашга ундайди.
VF5A8036.JPG
95 ёшли отахон ғалабани Берлинда кутиб олган юртдошларимиздан бири. Нурулла бобо ўзининг жанггоҳларда кечган навқирон ёшлик дамларини ўкинч билан эсласа-да, истиқлол қуёши порлаган дориломон кунларни кўрганига, тинчлик-осудалик, меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрликка шукрона келтириб яшайди. Турмуш ўртоғи билан тўрт ўғилни вояга етказиб, элга қўшган қаҳрамонимиз бугун фарзандлари, қолаверса, 6 невара, 14 чевара ардоғида. Урушдан қайтгач, у узоқ йиллар Ички ишлар, Адлия вазирликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда турли лавозимларда хизмат қилди.
Нурулла отанинг чап оёғидан олган оғир жароҳати унга машъум урушнинг даҳшатли воқеаларини эслатади. Ўзбекистоннинг бугунги қудратли армияси энг кучли мутахассислар қўлида экани унга мудом таскин беради. Иккинчи жаҳон урушида бошидан ўтказган қора кунлардаги сўнмас ирода ва жасорат, қаҳрамонлик ва мардлик соҳибларига эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг ўзига хос олижаноб қадриятларидан бирига айланган. Улар давлатимиз эътиборида, сиҳат-саломатликда, доимий ғамхўрлик оғушида умргузаронлик қилмоқда.
VF5A8087.JPG
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ва Қорақалпоғистон мудофаа ишлари бошқармаси офицерларининг йўқлаб келгани Нурулла отани беихтиёр қувонтириб юборди. Гап шундаки, ушбу ҳарбийлар уруш қатнашчиларининг ҳолидан хабар олишни сира канда қилмайди. Уларнинг турли эсдалик совғалар билан бу галги йўқлови ҳам уруш фахрийларига эъзознинг ёрқин ифодаси бўлди. Бундан отанинг кўнгли тоғдек кўтарилди.
Ташрифдан кўзларига севинч инган отахоннинг қўллари дуога очилди: “Юртдан тинчлик, барака аримасин! Асло уруш бўлмасин!”.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, Нурулла ота умри давомида ёзиб юрган мақола ва қайдларини охири бир жойга жамлаб, 2019 йилда “Память – вечна, почитание – священно” (“Хотира – абадий, эҳтиром – муқаддас”) номли китобини нашр этган.
Ўзига эсдалик учун қолдирган нусхасини ўша куни фахрий отахон “погондаги меҳмонлар”га совға қилди.
VF5A8106.JPG

 

ЎзА