Нукусни кесиб ўтувчи “Қаттағар” канали 33 йилдан сўнг қайта қазилмоқда

Айни кунларда Нукус шаҳрини кесиб ўтувчи иккита йирик каналнинг бири, халқ тилида “Қаттағар” дея номланувчи “Анасай” магистраль каналида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган йил бошланган қазиш ишлари ҳозир Нукус шаҳри марказини кесиб ўтувчи қисмида давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда каналнинг қазилиши кўплаб фуқароларнинг қизиқишини оширди.
Канал 1986 йилда қазилиб, фойдаланишга топширилгандан буён шу пайтгача қайта қазилмаган. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг хабар беришича, каналнинг қазилишига асос сувнинг кам ўтаётганидадир.
photo_2020-02-16_14-55-16.jpg
Каналнинг умумий узунлиги 13,5 километрни ташкил қилади. Мазкур канал лойиҳа бўйича секундига 342 метр кубгача сув ўтказиш имкониятига эга бўлган. Аммо канал қурилганидан буён – қарийб 33 йилдан буён қазиб тозаланмаганлиги, йиллар давомида лойқа сув оқиб туриши туфайли канал ўзани бир неча баробар кичрайган. Оқибатда ҳозирги кунга келиб, каналнинг ўртача сув ўтказиш қобилияти секундига 100 метр кубгача пасайган.
“Анасай” магистраль каналида қазиш ишлари якунлангач сувдан фойдаланиш коэффициенти 30 фоиздан 85 фоизгача ошади.
Аҳолининг томорқа майдонлари, фермер хўжаликларининг экин майдонлари умуман олганда истеъмолчиларга сув етказиб бериш сифати яхшиланади. Мазкур каналда олиб борилаётган қазиш ишлари ҳудуд атрофидаги суғориладиган экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланишига, ҳосилдорлик гектарига 3-4 центнерга ошишига хизмат қилади.
2019 йилда “Анасай” магистраль каналида босқичма-босқич реконструкция ишлари бошланиб, белгиланган лойиҳа асосида йил якунигача 4 миллиард 207 миллион сўмлик ишлар бажарилган.
photo_2020-02-16_14-55-19.jpg
Ҳозирги кунда Сув хўжалиги вазирлигига қарашли “Каттагар-Бозатау” ирригация тизимлари бошқармаси тасарруфидаги “Анасай” магистраль каналида “Бунёдкор мерос” масъулияти чекланган жамияти томонидан қазиш ва реконструкция ишлари жадал олиб борилмоқда. Тегишли давлат дастурига мувофиқ мазкур каналнинг жорий йилда қазиш ва реконструкция ишларига 3 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу ишга жами 37 та замонавий техника жалб қилинган. Шунингдек, техникаларни бошқараётган 60 нафар механизаторга объект қошида штаб ташкил қилинган бўлиб, уларнинг самарали ишлаши учун етарлича шароитлар яратилган.
“Анасай” магистраль канали орқали Нукус шаҳри, Нукус ва Бўзатов туманларидаги жами 51 минг 498 гектар суғориладиган экин майдонларга сув етказиб берилади. Каналдаги қазиш ишлари якунига етгач, фермер хўжаликларидан ташқари ҳудуддаги аҳоли томорқалари ва чорвачилик яйловларини ҳам сув билан таъминлаш имконияти янада ошиши кутилмоқда.

 

Е. ҚАНОАТОВ, М. ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА