СамДУ талабалари Оролқумда саксовул экди

Самарқанд давлат университетидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчилари ҳамда бир гуруҳ фаол талабалар Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида бўлиб, Оролнинг қуриган қисмида ўрмон ташкил этиш жараёнида иштирок этди.
– Аввало, Мўйноқ туманида кейинги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишдик, – дейди университет ёшлари етакчиси Ҳусан Тўхтаев. – Бу янгиланишлар жараёнида ёшлар учун ҳам кенг имконият, шарт-шароит яратилганига гувоҳ бўлдик. Сафаримиздан асосий мақсад эса Орол денгизи ўрнида пайдо бўлган Оролқумда саксовул экиш ишларида иштирок этиш эди ва бу эзгу ташаббусда қатнашганимиздан фахрланамиз.
photo5336935231573306773.jpg
Университет ёшлари Оролқум бағрида 2 гектар майдонда саксовул экиб, ҳудудда экологик барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшди.
Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, биология ва география факультетлари талабаларидан иборат катта гуруҳ 2019 йилда ҳам Оролбўйига бориб, илмий изланишлар ўтказганди, ҳудудда ўрмон барпо этишда қатнашган эди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА