Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Ўзбекистонда

Бугун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигида брифинг ўтказди.
Айтиш жоизки, мазкур бюро дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган олтита минтақавий идораларнинг бири бўлиб, унга 53 мамлакат, жумладан Ўзбекистон ҳам аъзо ҳисобланади.
Ўзбекистонда ЖССТнинг ваколати мавжуд бўлиб, соғлиқни сақлаш тизимига яхлит ёндошув асосида барқарор соғлиқни сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш унинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шунингдек, умумий етакчиликни таъминлаш, маҳаллий даражада техник алоқаларни ўрнатиш, стандартларни белгилаш ва шартномалар тузиш, инқироз даврида соғлиқни сақлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш каби вазифаларни ҳам қамраб олган.
ЖССТ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлашнинг муҳим масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини яратишда ЖССТ экспертларининг улкан ёрдамини таъкидлаш жоиз.
Брифингда мазкур ташкилот билан Ўзбекистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ҳамкорликлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ханс Клюге ЖССТ, жумладан унинг Европа минтақавий бюроси Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни, хусусан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашини таъкидлади.
Шу куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖСТнинг Европа минтақавий бюроси ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган икки йиллик ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ушбу ҳужжат Ўзаро маслаҳатлашув асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади.
ЖСТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге раҳбарлигидаги делегация аъзоларининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

 

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА