Жаҳон эътирофидаги шоир

Ҳар йили Ватанимизда 9 февраль — буюк шоир ва мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоий таваллуд санаси мамлакатимизда байрамона тарзда нишонланиши яхши анъанага айланган. Жорий йилда эса ушбу қутлуғ сана янада кўтаринкилик, ўзгача шукуҳ билан, адабиёт, маънавият, илм-маърифат, дўстлик айёми сифатида ўтказилмоқда.
Шоир номи билан юритилувчи Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига туташ ҳудудда бобомиз ҳайкали қад ростлаган майдонда Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Эрта тонгданоқ бу маскан кенг жамоатчилик, турли вазирлик ва идоралар, миллий маданий марказлар, ижодий ташкилотлар, хорижий дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, сўз санъати мухлислари, талаба-ёшлар, нуронийлар билан гавжум бўлди.
Navoiyga-gul (13).jpg
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимизга, таълим-тарбияга эътибор кўрсатиш, устоз-муаллимлар меҳнатини ардоқлаш, адабиёт, санъат ва маданиятни янада равнақ топтириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар янгича руҳ, ўзгача шиддат билан олиб борилаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан китобхонликни кенг оммалаштириш, ёшларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, миллий анъана ва қадриятларимизни асраш, одамлар дарду-ташвиши билан яшаш, ҳаётимизни янада фаровон этиш борасидаги кенг қамровли ислоҳотларда буюк алломаларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, улар асарларининг моҳиятини содда, равон тарзда ёшларга етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу жиҳатлар миллий адабиётимиз, она тилимиз, маънавиятимиз равнақига бетимсол ҳисса қўшган даҳо бобомиз Навоий ижодини ўрганишда, унинг қўлёзмаларини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этишда хорижий илмий марказлар, университетлар, музей ва архив фондлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Navoiyga-gul (14).jpg
2020 йил — “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да ҳам Навоий бобомиз улуғлаган, асарларининг мазмун-моҳиятига айланган ғоялар ёшлар камолотига, таълим-тарбиясига эътибор, аҳолининг барча қатламларининг манфаатларини ҳимоялаш, илм-фанни тобора равнақ топтириш ва шу орқали юртни янада обод этишга оид ишлар кўлами тобора ортмоқда. Президентимиз Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида тилга олинган “ҳалоллик вакцина“си айнан Навоий, Бобур сингари алломаларнинг асарларидаги поклик, одамийлик, тўғрилик даъватида мужассам экани билан аҳамиятлидир.
Тантанали тадбирда озарбайжонлик навоийшунос олим, халқаро Бобур мукофоти соҳиби Рамиз Асқар, афғонистонлик шоир ва ўқитувчи, навоийшунос Тошқин Баҳоий, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, моҳир шоир ва таржимон Николай Ильин Навоий меросининг умрбоқийлиги, жаҳон ёзувчи ва шоирлари, олим ва тадқиқотчилари учун ҳамиша илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
– Ўн-ўн беш йилдирки, ўзбек адабиёти бўйича тадқиқотлар олиб бораман, — деди озарбайжонлик навоийшунос олим, халқаро Бобур мукофоти соҳиби Рамиз Асқар. — 2009 йилда “ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси“ни нашрга тайёрладим. Унда кўплаб ўзбек шоирларнинг таржимаи ҳоли, ижодидан намуналар келтирилган. 2011 йилда “Бобурнома“ни озарбайжон тилига таржима этдим. Ўзбекистонда ўтказилувчи навоийшуносликка доир илмий конференцияларда доимий қатнашиб келаман. Даҳо шоир ижодининг қирралари замонлар оша яна кўплаб тадқиқотлар, изланишларга олимларни чорлаб қолаверади.
Navoiyga-gul (18).jpg
– Навоий ва Бобурларнинг хоки ётган заминдан келиб, бундай тадбирда иштирок этаётганимдан ғоят мамнунман, — деди афғонистонлик шоир Тошқин Баҳоий. — Ҳазрат Алишер Навоий ижоди барча ўзбекларнинг муштарак меросидир. Агар Ўзбекистонда улуғ зот сифатида унинг таваллуд санаси шу қадар катта тайёргарликлар билан нишонланишига сазовор бўлса, Афғонистон халқи учун ул зот ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан муаллим, раҳнамо ва буюк давлат арбоби сифатида нишонланиши керак. Чунки у зотнинг ҳаёти даврида Афғонистонда кўплаб иншоотлар, ободончиликлар, сув анворлари, кўприклар, шифохоналар ва бошқа яна кўплаб оммага хизмат қилувчи бинолар обод этилди. Шу билан бирга Афғонистондаги ўзбек халқи қадим замонларидан бошлаб то ҳозирга қадар Навоий асарлари билан, уларни ўқиш билан савод чиқаради. Яъни барча мадрасаларимизда Ҳазрати Навоийнинг қўлёзма асарлари ёки қадимий тошбосмалардан чиққан китоблари дарслик сифатида истифода этилган. Биз Навоийдан ҳар жиҳатдан қарздормиз.
Тадбирда таниқли актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Темурмалик Юнусов Навоий ғазалларидан ўқиди. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги Олий адабиёт курси талабалари Алишер Навоий ҳақида қардош турк адабиётшунослари томонидан билдирилган фикрларни ёддан айтиб берди.
Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев томонидан ижро этилган Навоий ғазалига Омон Матжон мухаммас боғлаган қўшиқни тадбир иштирокчилари катта ҳаяжон, олқишлар билан тингладилар.
Шоир ҳайкали пойига тадбир иштирокчилари, хорижий меҳмонлар томонидан анвойи гуллар қўйилди.
Тантанада Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.
* * *
Шу куни пойтахтимиздаги Навоий кўчасидаги Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат адабиёт музейига туташ ҳудуддаги шоир ҳайкали пойида ҳам ажойиб мушоира бўлиб ўтди.
— Ўзбекистонда Навоий Ҳазратларининг таваллуд айёмлари ғоят кўтаринки руҳда нишонланаётганининг гувоҳи бўляпмиз,- деди афғонистонлик шоир Ғуломсахий Вакилзода. — Афғонистоннинг Кобул, Мозори Шариф Ҳирот каби шаҳарларида ҳам ул зотнинг таваллуд айёмлари нишонланади. Орзу шулки, бундай ижодий тадбирлар янада кўпроқ ўтказилса, ижодий ҳамкорлигимиз бардавом бўлса.
Мушоирада ёшлар Навоий ғазалларидан намуналар ўқидилар.
Бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг барча гўшаларида, билим даргоҳларида, маҳаллаларда давом этмоқда.

 

Назокат УСМОНОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА