2020 йил ўқишга кириш учун қандай имтиҳонлар топширилади

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати ва Давлат тест маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамкорлигида “Олий таълим муассасаларига кириш тест синовларидаги сўнги ўзгаришлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, Нукус шаҳри умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида таъкидланганидек, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Ҳар жиҳатдан пухта тузилган тест талабаликка даъвогарларнинг тафаккурини, билим даражасини, савиясини холисона баҳолай олади. Тест тизими ўтган йиллар мобайнида илғор хорижий мамлакатлар тажрибасидаги энг яхши жиҳатларни ўзига сингдирган ҳолда такомиллашиб келди. Ҳар йили республикамизнинг кўп сонли ёшлари ўзларининг юксак умид ва ҳаётий режаларини рўёбга чиқариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширади.

Ўтган ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул тест синовлари жараёнлари, кўпчилик эътироф этганидек, анча шаффоф, ошкора ва адолатли ўтди. Бу энг аввало ҳукуматимиз раҳбариятининг ушбу соҳада олиб бораётган оқилона сиёсати, ислоҳотлари натижасидир.

Жорий ўқув йили учун киритилган ўзгариш ва янгиликларга тўхталадиган бўлсак, аввалги йилларда абитуриент ҳужжат топшириш, рухсатнома олиш, тест синовида қатнашиш учун бир неча марта олий таълим муассасасига бориши шарт эди. 2019 йилдан бошлаб рўйхатдан ўтишда экстерриториаллик тамойили жорий қилинди. Натижада абитуриентларга яшаш жойи ёки олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуддан қатъи назар, ўз ҳудудидаги давлат хизматлари марказлари ёхуд ўзига яқин ОТМда рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.

2020/2021 ўқув йили учун эса мазкур жараённи янада такомиллаштириб, абитуриент хоҳлаган жойда (масалан, уйида ёки таълим муассасасида ва ҳ.к.) Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали ўз ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилмоқда.

photo5337280980735602189.jpg

Фанлар мажмуаси, тестлар сони ва баҳолаш мезони 2019 йилнинг 19 декабрь куни Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 11-сон баёни билан тасдиқланди. Жумладан, ҳар бир фан бўйича саволлар сони ҳам тасдиқлаб берилди. Бунда мажбурий фанлар: она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тиллари), математика ва Ўзбекистон тарихи фанларининг ҳар биридан 15 тадан савол берилади. Жами бўлиб мажбурий фан блокида 45 та савол бўлади.

Илгари тест саволларига 1.1, 2.1, 3.1 баллар берилган бўлса, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мажбурий фанлар бўйича берилган ҳар бир тўғри жавоб учун бир хил – 2.1 балл берилади. Абитуриент мажбурий блокдаги 45 та саволнинг барчасига тўғри жавоб берган тақдирда 94.5 балл олади.

Тест синовларида мутахассисликка оид 2 та фандан савол бўлади. Ҳар битта фандан 30 тадан савол берилган бўлиб, иккала фан бўйича берилган тўғри жавоб 3.1 балл билан баҳоланади. Битта фан бўйича максимал 93, иккита фан бўйича эса 186 балл тўплаш мумкин. Шу тариқа бешта фандан бериладиган барча 105 та саволга тўғри жавоб берилган тақдирда 280.5 балл тўплаш мумкин бўлади.

Мажбурий фанлар бўйича тест топшириқларининг намуналари 2019 йилнинг 22–30 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги академик лицей ва мактабларнинг битирувчилари иштирокида апробациядан ўтказилди. Шунингдек, мажбурий фанлардан шакллантирилган тест топшириқлари онлайн апробациядан ўтказиш ишлари ҳам ташкил этилди. Мазкур жараёнда қатнашиш истагини билдирган талабгорларга ДТМ расмий сайти орқали мажбурий фанлар бўйича тест топшириқлари намуналарини олиш ва апробацияда иштирок этиш, бу орқали ўз билимларини синаб кўриш имконияти яратилди.

Сўнгги йилларда абитуриентларда кириш имтиҳонларига тайёрланганда, асосан 2 та ёки фақат биринчи блокдаги фанни яхши ўзлаштириб, талаба бўламан, деган дунёқараш шаклланиб қолди.

Янгиликлардан асосий мақсад, ўқувчиларнинг фақатгина бир фанни ўрганиб, олий таълим муассасасига киришини эмас, балки уларнинг дунёқараши кенгайишига йўналтирилган. Эндиликда уларнинг умумтаълим мактабларида ўқитиладиган фанларни бир хилда ўрганиб боришлари талаб қилинади. Бу ўқувчининг мактаб фанларини ўрганишига. шунингдек, таваккалчиликнинг олдини олишга ҳам қаратилган.

Қўшимча 3 та фандан тест топширилиши кўпчиликка янгилик ва жуда қийин деб қаралади. Бироқ мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари, биринчи навбатда, ўқув дастурлари бўйича оддий турда, абитуриентнинг умумий саводхонлиги, мантиқий фикрлаши ва таянч билимлари баҳолашга йўналтирилган биринчи қийинчилик даражасида бўлади.

Албатта, ўқувчилар юқори синфларда чуқурлаштирилган ҳолда ўзига керакли фанни ўрганиши мумкин. Аммо ҳар бир ўқувчи умумтаълим мактабида белгиланган дастурни ўрганиб, тўлақонли ҳар томонлама ривожланган бўлиб мактабни битириши зарур. Мана шу нуқтаи назардан, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ва битирувчиларимизнинг дунёқараши ҳар томонлама кенг бўлиши лозимлигини инобатга олиб, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига мажбурий фанлар бўлими қўшилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА