Қадрли фарзандим Муроджон,
Аввало, Сени, барча устоз ва мураббийларингни, бутун халқимизни бокс бўйича эришган тарихий ғалабанг билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
АҚШнинг Майами шаҳрида икки йўналишдаги профессионал бокс бўйича амалдаги жаҳон чемпионига қарши ўтказган ғоят шиддатли ва қизиқарли жангингни ўзбекистонликлар катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатди.
Миллионлаб тенгдошларингга ибрат намунасини кўрсатиб, юксак мардлик ва матонат билан профессионал бокснинг иккита энг нуфузли (WBА Super ва IBF) йўналишларида шундай буюк ғалабани қўлга киритганинг, жаҳон боксидаги узоқ йиллик рекордни янгилаганинг ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.
Эл-юртимизнинг ишончини оқлаб, мустақил Ўзбекистон спорти тарихида мутлақо янги ва ёрқин саҳифа очган ушбу оламшумул зафар соҳиби бўлган Сен каби жасур ва ватанпарвар ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз ва чин юракдан олқишлаймиз.
Муроджон ўғлим, Сен рингда ўзбек йигитларининг жисмоний, руҳий ва маънавий жиҳатдан баркамоллигини, ҳеч қачон кураги ерга тегмаган буюк аждодларнинг муносиб вориси эканлигини, Ўзбекистон том маънода бокс мамлакатига айланиб бораётганини яна бир бор исботладинг.
Фурсатдан фойдаланиб, жонажон Ватанимизнинг байроғи ва шон-шуҳратини халқаро майдонларда янада юксалтириш йўлидаги шарафли фаолиятингда улкан омадлар, оилавий бахт-саодат ва янги ютуқлар тилаб қоламан.
Ҳурмат билан,
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тошкент шаҳри
2020 йил 1 февраль
ЎзА