Бироз аввал хабар қилганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев олимлар, ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда илм-фан соҳасидаги энг муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
2020 йил мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниб, бу борадаги устувор мақсадлар белгиланди. Юртимизда аввалдан шаклланган илмий мактаблар салоҳиятини ҳисобга олиб, ҳозирги босқичдаги миллий манфаатларимиз ва тараққиётимиз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, бу йил математика, кимё, биология, геология фан ва соҳаларини ривожлантириш танлаб олинди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг математика фани бўйича салоҳияти дунё миқёсида тан олинганини, функционал таҳлил ва дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва алгебра йўналишлари бўйича нуфузли мактабларимиз шаклланиб фаолият юритаётганини, етти нафар математик олим Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси эканини алоҳида таъкидлади.
Кўплаб хорижий илм-фан марказлари, хусусан, Бонн, Кембриж, Париж, Сеул каби йирик шаҳарлардаги етакчи илм даргоҳлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришга оид қарорининг ижроси доирасида пойтахтимиздаги Талабалар шаҳарчасида Фанлар академиясининг Математика институти учун замонавий талаблар асосида янги бино барпо этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев бугунги учрашувда математикада илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш, рақамли иқтисодиёт учун мустаҳкам пойдевор яратиш борасидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди.
Ёшларда математика фанига қизиқишни кучайтириш, иқтидорли болаларни селекция қилиб, ихтисослаштирилган мактаблар ва кейинчалик олий таълим муассасаларига қамраб олиш ишларини тўғри ташкил қилиш кераклиги таъкидланди. Болалар учун мазкур фандан оддий ва тушунарли тилда ёзилган оммабоп дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш, математик онгни, керак бўлса, боғчадан бошлаб шакллантириш вазифаси қўйилди.
– Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади, – деди Президент.
Ҳар бир туман марказида биттадан математика фанига ихтисослашган мактаб ташкил қилиб, уларда ишлайдиган ўқитувчиларга қўшимча устама ҳақлар тўлаш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу муассасаларда ўқув жараённи илмий-методик таъминлаш учун Фанлар академиясининг Математика институти ҳамда Халқ таълими вазирлиги масъул этиб белгиланди.
Математика фани бўйича ўқувчи, талаба ва ўқитувчилар ўртасида турли танловлар ўтказиб, ғолибларни муносиб рағбатлантириш, олимпиада тизимини такомиллаштирган ҳолда совриндорларга бериладиган мукофотларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўқитиш сифатини янги босқичга кўтариш, математика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимини жорий этиш зарурлиги айтилди. Бундай сертификат эгасига олий ўқув юртига ўқишга киришда математика фанидан максимал балл берилади.
Юқори малакали педагоглар ва илмий даражали кадрлар тайёрлаш тизими самарасини ошириш, Математика институтида илмий даража берувчи кенгашга тўлиқ мустақиллик бериш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Мамлакатимизда математика фани бўйича нуфузли халқаро анжуманлар ўтказиш, давлат бюджети ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ҳар йили 100 нафар олимни хориждаги илмий тадбирлар ва стажировкаларга юбориш юзасидан топшириқлар берилди.
Бугун Ўзбекистонда кимё йўналиши бўйича тўртта илмий-тадқиқот муассасаси мавжуд, уларда 250 нафардан зиёд илмий ходим фаолият кўрсатмоқда. Яратилган ишланмалар асосида янги ўғитлар, дефолиантлар, ўсиш стимуляторларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Президентимиз кимё соҳаси минерал ўғит ишлаб чиқариш билан чекланиб қолаётгани, бу йўналишдаги таълим ва илмий тадқиқотларни такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Илмий ишланмаларни жорий қилиш самарадорлигини ошириш, бунинг учун тадқиқотларнинг тармоқ корхоналари эҳтиёжига ҳамоҳанглигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
“Ўзкимёсаноат” ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятларига ўз тизимидаги йирик корхоналарда замонавий инфратузилмага эга бўлган тажриба-ишлаб чиқариш лабораториялари ташкил этиш, уларни фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига йўналтириш эса Инновацион ривожланиш вазирлигига юкланди.
Минерал ресурслардан фойдаланиш унумдорлигини ошириш мақсадида “Кўмир ва материаллар кимёси” илмий-тажриба лабораториясини, Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтида “Кўмир кимёси ва технологияси” илмий йўналишини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Замонавий қурилиш материаллари яратиш бўйича янги илмий муассасалар, хусусан, янги композит материаллар ва инновацион кимё технологиялари бўйича тадқиқотлар олиб борадиган лаборатория тармоғини ташкил этиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Биология фани фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун фундаментал ва технологик асос бўлиб хизмат қилади.
Бугун бу йўналишда 7 та илмий-тадқиқот муассасасида 600 нафарга яқин илмий ходим фаолият кўрсатмоқда.
Президентимиз жаҳон бозори ва илм-фанидаги тенденцияларни кўрсатиб ўтиб, агро ва биотехнологиялар, озиқ-овқат, шу жумладан, фудо-микс, био-тиббиёт ва фарма-биотехнологиялари йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича топшириқ берди.
Озиқ-овқат таркиби ва унинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни тарғиб этиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ботаника институти фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Мамлакатимиз ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг рақамли давлат кадастрини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Бу юқори даражадаги илмий тадқиқотларни режалаштириш, биологик муҳофаза чораларини белгилаш, соҳа ривожига оид муҳим амалий қарорларни қабул қилиш учун имконият яратади.
Тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида ДНК ва ҳужайравий технологиялар, генетик таҳлиллар, янги биоматериаллар ва биополимерларни ишлатиш амалиётини ривожлантириш, потенциал истеъмолчилар билан илмий-тадқиқот институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Яна бир устувор йўналиш – саноат учун минерал хомашё базасини таъминлаш билан билан боғлиқ бўлган геология соҳаси.
Мамлакатимизда фойдали қазилмаларнинг 70 дан ортиқ тури бўйича 2 мингдан ортиқ конлар аниқланган. Лекин қазиб олиш ва қайта ишлаш осон бўлган конлар тобора камайиб бормоқда.
Янги конлар топиш учун ер қаърининг янада чуқурроқ қатламларини геологик ўрганиш, мураккаб таркибли конларни ўзлаштириш бўйича соҳага илмий асосланган илғор усуллар ва инновацион технологияларни кенг жорий этишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу мақсадда Тошкентда Геология фанлари университети ташкил этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги илмий тадқиқотларни янада кенгайтириш мақсадида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни фаоллаштириш, бунга давлат мақсадли грантлари билан бирга хорижий грантларни ҳам жалб этиш зарурлигини қайд этди.
Геология ва кон-металлургия комбинатлари салоҳиятини бирлаштириш, замонавий Гео-инновацион технологиялар лабораторияси ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, «Рақамли геология» ва «Тоғ жинслари ва минералларнинг миллий электрон базаси» лойиҳаларини амалга ошириш, талабаларга юқори аниқликдаги космик суратлар асосида ерни масофадан зондлаш усулларини ўқитиш бўйича топшириқлар берилди.
Ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва докторантура тизимининг натижадорлигини рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Диссертациясини муддатидан аввал ҳимоя қилган докторантлар ва уларнинг илмий раҳбарлари ёки маслаҳатчиларини муносиб рағбатлантириш мақсадида тежалган маблағларни тўлиқ тўлаб бериш амалиётини жорий қилиш таклифи билдирилди.
Мутасаддиларга илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, унда ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган илм-фан, технологик ва инновацион тараққиёт асосларини белгилаш вазифаси қўйилди.
Бугун бўлиб ўтган очиқ мулоқотда илм-фан йўналишларида ечимини кутаётган масалалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари олимлар ва ёшлар билдирган таклифлар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.