Давлат бошқарувида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятлари

227

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Давлат бошқарувида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект“ мавзусида халқаро семинар ташкил этилди.

Тадбирда Корея Республикасидан ташриф буюрган ҳамкорлар ва давлат бошқарувидаги илғор амалиётларга қизиқиш билдирган халқаро экспертлар иштирок этди.

Семинарнинг асосий мақсади – давлат бошқарувини янада самаралироқ қилиш мақсадида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш тажрибаларини ўрганиш ва уларни амалиётга жорий этишдир.

Халқаро семинарда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида рақамли технологияларга бўлган эътибор кундан-кунга ортиб бораётгани таъкидланди.

Семинар давомида сунъий интеллектнинг давлат бошқарувида қўлланилиши ва қарор қабул қилиш жараёнларини оптималлаштириш имкониятлари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимларини такомиллаштиришда рақамли ёндашувлар, Корея давлат секторидаги илғор тажрибалар билан танишиш, ахборот хавфсизлиги ва маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги энг янги ечимларга эътибор қаратилди.

Иштирокчилар давлат бошқарувидаги рақамли трансформация иқтисодий-ижтимоий ривожланиш учун янги имкониятларни очишини таъкидлади. Шу билан бирга, технологияларни жорий этишда ижтимоий ва этик жиҳатларни ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.

Семинар халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва давлат бошқарувида инновацион ёндашувларни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлди. Давлат бошқаруви академияси ушбу йўналишдаги фаолиятини янада кенгайтиришга ва келажакдаги тадбирлар орқали илғор ғояларни тарғиб қилишга содиқ эканини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА