Ўзбекистон – ЮНЕСКО: маданият ва илм-фан йўлидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

233

ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерованинг ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Габриэла Рамос билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти фаолиятини йўлга қўйиш ва илк тақдирлаш маросимини ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Самарқандда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ЮНЕСКОнинг гендер тенглик масалалари бўйича директори Бегония Ласагабастер билан ўтказилган ишчи учрашувларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг маданият, таълим ва ижтимоий ташаббуслардаги иштироки каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида маданият, санъат ва рақамли технологиялар соҳаларида хотин-қизларнинг роли ҳақидаги ташаббуслар тақдим этилди. Креатив соҳа тармоқларида аёллар етакчилигини ривожлантириш, уларнинг рақамли муҳитдаги иштироки, шунингдек, маданият соҳасида касбий камолотга етишлари учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан лойиҳалар тўғрисида сўз юритилди.

Ўзбекистон сунъий идрок технологияларига тайёрлиги тўғрисидаги ЮНЕСКО ҳисоботи, мамлакатимизнинг ЮНЕСКО Ёшлар анжуманидаги иштироки ва ЮНЕСКОнинг бош қароргоҳида “Ўзбекистон – Буюк Ипак йўли чорраҳасида” кўргазмасини ташкил этиш ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА