Давлат дастури лойиҳаси тиббиёт ходимлари муҳокамасида

ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар муаммоларини ўрганиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” бўлими ташаббуси билан партиянинг Бўзатов тумани Кенгаши томонидан “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Ақеден” оилавий шифокор пунктида учрашув ташкил этилди.
“Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида ўтказилган учрашувда партия вакиллари, туман Кенгаши депутатлари, тиббиёт соҳаси ходимлари иштирок этди.

Даставвал, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турган, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож хотин-қизларнинг яшаш шароитларини яхшилаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, тиббиёт соҳаси ходимларига давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги фармони лойиҳасининг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил тушунча берилди.

Давлат дастури лойиҳасидаги тиббиётнинг бирламчи бўғинида оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари ва маҳалла тиббиёт пунктларида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг самарали тизимини жорий этиш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш, аҳолини онкологик касалликлар бўйича скрининг текширувларидан ўтказиш, шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш каби бир қатор устувор ғоялар тиббиёт ходимлари томонидан эътироф этилди. Иштирокчилар Давлат дастурини янада такомиллаштириш борасида ўзларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Тадбир якунида ҳудуддаги “Темир дафтар”га киритилган, “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи хотин-қизлар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири