Нукусга янги автобуслар олиб келинди

279

Юртимизда барча соҳалар қатори транспорт тизимида ҳам кўплаб янгиланишлар юз бериб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ишларнинг давоми сифатида Нукус шаҳрига “Сапсан Транс Нукус” масъулияти чекланган жамият томонидан қарийб 11 миллиард сўмлик маблағ эвазига лизинг асосида Хитой давлатидан 12 дона замонавий автобус олиб келиниб, фойдаланишга топширилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан янги автобуслар харид қилиш, Тошкент, Нукус шаҳри ва вилоят марказларидаги шаҳарларда автобус йўналишларининг янги тармоғини жорий этиш, автоматлаштирилган тўлов тизими ва диспетчерлик хизматини босқичма-босқич йўлга қўйиш белгиланган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йилда жамоат транспортини мукаммал янгилаш юзасидан амалга оширилган лойиҳалар натижасида харид қилинган замонавий автобуслар йўловчилар учун барча қулайликларга эга, айниқса, имконияти чекланган аҳоли учун мослашган бўлиб, фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, брутто-шартнома тизими асосида янги йўналишлар тармоғи электрон тендер танловлари ўтказилиб, ушбу тизимида хизмат кўрсатиш учун тендер ғолиби билан шартномалар тузилди.

Шу асосда, Нукус шаҳрида жами 15 та автобус йўналиши ташкил этилиб, ушбу йўналишларга 188 та автобус олиб келиш режалаштирилган. Бугунги фойдаланишга топширилган янги автобуслар бу борадаги янги йўналишларнинг дастлабкиси ҳисобланади.

Албатта, янги автобуслар олиб келиниши жамоат транспорти жозибадорлигини янада оширишда, хизматлар сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири