Испанияда телеферик ҳалокатида 30 киши жароҳат олди

345

Испания шимолидаги Астун тоғ-чанғи курортида телеферик – осма дор йўлида юз берган авария оқибатида камида 30 киши жабрланди, деб ёзди “The Associated Press”.

Маълумотга кўра, қурилма симларидан бири узилиб кетиб, бир неча кабина қулаган. Арагон автоном вилояти ҳукуматининг фавқулодда вазиятлар бўйича бош директори Мигель Анхель Клаверо маҳаллий матбуотга шу ҳақда баёнот берди.

Расмийлар жароҳатланганлардан тўққиз нафарининг аҳволи оғирлигини билдирди. Мажмуа вақтинча ёпилди.

Қироллик Бош вазири Педро Санчес ижтимоий тармоқ орқали азият чекканларга ҳамдардлик билдирди.

– Арагон автоном вилояти етакчиси Хорхе Азкон билан гаплашдим, ҳукуматимиз номидан жабрланганларга барча зарур ёрдам етказилди, – деган ҳукумат раҳбари. – Биз қурбонлар ва уларнинг оила аъзолари билан қалбан биргамиз.