Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 1 декабрь куни “Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Россия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Жанубий Урал савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар, кимё, енгил саноат, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, авиация, металлургия, энергетика ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган компаниялар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси ўринбосари И.Умаханов ва бошқалар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида савдо алоқалари фаоллашиб, янги қўшма корхоналар ташкил этилаётгани ва истиқболли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикасида Россия инвестициялари иштирокида тузилган 960 дан ортиқ корхона фаолият юритади. Юртимизда ушбу мамлакатнинг 60 дан зиёд компания ва фирмаси ўз ваколатхонасига эга. Ўз навбатида, Россия ҳудудида Ўзбекистон Республикаси сармоядорлари иштирокида ташкил этилган 570 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 3 миллиард доллардан ошган.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хорижий компаниялар ва сармоядорлар учун яратилаётган имкониятлар, иқтисодиёт ва валюта бозорини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимояси, янги ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарда чет эллик инвесторлар учун таклиф этилаётган қулайлик ва имтиёзлар юзасидан фикр алмашилди.

– Ўзбекистон кўплаб соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам юқори салоҳият ва имкониятларга эга, – дейди “Ростсельмаш” компанияси вакили А.Колесников. – Соҳани модернизация ва диверсификациялаш ҳисобидан маҳсулот етиштиришда юқори самарадорлик кузатилмоқда. Компаниямиз қишлоқ хўжалиги учун турли техникалар ишлаб чиқаради. Комбайнларимиз ўтган йиллар давомида мамлакатингиз далаларида муваффақиятли синовдан ўтди. Тадбир давомида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашиш имконига эга бўлдик.

Давра суҳбати иштирокчилари икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётганини алоҳида қайд этди. Давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашув ва мулоқотлари чоғида эришилган келишув, имзоланган битимлар бунда муҳим ўрин тутади.

Тадбирда Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Мажлис якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссия мажлиси баённомаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида 2018 йилга мўлжалланган икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси») имзоланди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА