Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевни Қозоғистон Республикаси биринчи Президенти куни билан самимий табриклади.
Мулоқотда Президент Нурсултон Назарбоев раҳбарлигида Қозоғистон давлат қурилиши ва мустақил тараққиётнинг мустаҳкам асосларини барпо этишда салмоқли натижаларга эришгани таъкидланди.
Давлат раҳбарининг ташаббуслари туфайли Қозоғистон халқаро майдонда эътирофга сазовор бўлди, жаҳон ҳамжамиятининг обрўли аъзосига, барқарор ва тараққий этаётган давлатга айланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарлари икки томонлама ҳаморликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар. Якунига етаётган йилда мамлакатларимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлари салмоқли даражада кенгайгани таъкидланди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ўсди, қўшма савдо уйлари ва замонавий корхоналар ташкил этилди, минтақалараро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро ишонч, ҳурмат ва томонлар манфаатларини ҳисобга олиш асосидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирдилар.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, халқаро аҳамиятга молик алоҳида масалалар ҳамда янги 2018 йилга мўлжалланган икки ва кўп томонлама ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар.