Қозоғистон Ўзбекистонга Хитойнинг JAC кроссоверларини етказиб беради

Қозоғистон билан Ўзбекистон “Сариарка Авто Пром” ТОО майдонида биргаликда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар экспорти ҳажмини оширишга келишиб олди, деб маълум қилди “NewTimes.kz” ахборот агентлиги “KazakhExport” АЖ матбуот хизмати хабарига таянган ҳолда.
Ҳамкорлик ҳақидаги битимни KazakhЕxport экспорт-суғурта АЖ компанияси бошқаруви раиси Руслан Исҳақов ва Ўзавтосаноат АЖ раҳбари Шавкат Умурзақов имзолади. Ҳужжат имзолаш маросими Chevrolet моделлари кўргазмасида бўлиб ўтди. Хабарда айтилишича, ушбу учрашувда Қозоғистон Республикаси бош вазири Асқар Мамин ҳам ҳозир бўлган.
Ушбу ҳужжат Қозоғистон автомобилларини Ўзбекистон Республикасига экспорт қилишни молиялаштиришда KazakhЕxportнинг молия-суғурта инструментларидан фойдаланишни назарда тутади. Имзоланган ҳужжат доирасида 11,8 миллион долларлик 766 дона JAC S3 ва JAC S5 маркасидаги автомобилларни Ўзбекистон бозорига етказиб бериш бўйича савдо келишувига эришилди.
Хитойнинг JAC S3 кроссоверлари илк бор Қозоғистонга 2013 йилда кириб келган эди, 2017 йилга келиб, мазкур моделлар Қозоғистонда ишлаб чиқарила бошлади.

 

ЎзА