Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни Тошкент халқаро инвестиция форумини юқори савияда ташкил этиш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди.
Охирги йилларда мамлакатимизда инвестиция муҳити янада яхшиланди. Бу борадаги қонунчилик янгиланиб, инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамланди.
Ўтган Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошди. Айниқса, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилгига нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди.
Давлатимиз раҳбари куни кеча Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестиция сиёсати изчил давом эттирилиши, жорий йилда ўзлаштириладиган инвестицияларнинг салмоқли қисми тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ва кредитлар бўлишини алоҳида қайд этди.
Хусусан, 2020 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига 5,8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш белгиланган. Шу мақсадда март ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Форумнинг асосий мақсади иқтисодиёт драйверлари ҳисобланган энергетика, машинасозлик, электротехника, ахборот технологиялари, тўқимачилик, қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат саноати, қурилиш соҳалари ҳамда ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кенгайтиришдир.
Йиғилишда ушбу анжуманни юқори савияда ташкил этиш учун аниқ ташкилий вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари билан бирга хорижий инвесторларга таклиф этиладиган истиқболли лойиҳалар бўйича тақдимот материаллари тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий инвесторлар ўртасида бевосита ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Ташқи ишлар вазирлигига етакчи хорижий компаниялар, халқаро молия ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини форумга жалб этиш бўйи ча кўрсатмалар берилди.
Анжуман ўтказиладиган жойларни юқори савияда тайёрлаш, уни оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб этиш ва ёритиб бориш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мутасаддилар форумга тайёргарлик ишлари ва эришилиши мўлжалланаётган келишувлар ҳақида ҳисобот берди.