Спорт мусобақаси ғолиблари ОТМга имтиёзли қабул қилинади

Спорт мусобақаларининг республика босқичида совринли ўринларни қўлга киритганларга олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ва касбий имтиҳонларсиз ўқишга кириш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтидорли спортчиларни тақдирлаш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда халқаро ва республика спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари қуйидагича тақдирланади:
Республика ва халқаро спорт мусобақаларнинг индивидуал турларида ғолиб ва совриндорликни қўлга киритган имтиёзга эга спортчилар олий таълим муассасасига қўшимча давлат гранти асосида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Республика ва халқаро мусобақаларнинг жамоа турларида ғолиб ва совриндорликни қўлга киритган жамоаларнинг (ўз жамоалари таркибидан – академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчиларидан уч нафар номзодни белгилайдилар) имтиёзга эга спортчилари олий таълим муассасасига қўшимча давлат гранти асосида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг тавсиясига асосан, республика ва халқаро мусобақаларнинг жамоа турларида ғолиб ва совриндорликни қўлга киритган жамоаларнинг қолган вакиллари, уларнинг спортдаги натижаларини инобатга олган ҳолда, олий таълим муассасасига қўшимча давлат гранти асосида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилиниши мумкин.

 

ЎзА