Халқаро кузатувчилар: сайлов юқори даражада ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 23 декабрь куни халқаро кузатувчи, Малайзия парламенти қуйи палатаси вице-спикери Мох Рашид бин Ҳаснон бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда 22 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар юзасидан фикр алмашилди.

Малайзия парламенти аъзолари сайлов юқори уюшқоқликда ўтганини алоҳида таъкидлади. Сайловнинг очиқ, ошкора ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ташкил қилингани қайд этилди. Овоз берувчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилгани сиёсий тадбирнинг ижобий жиҳатларидан биридир. Кейинги сайловларда замонавий ахборот технологияларидан янада кенг ва самарали фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

***

Олий Мажлис Сенатида навбатдаги учрашув Осиё Парламент Ассамблеяси бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий билан ташкил этилди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов билан суҳбатда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилди. Ўзбекистондаги бу галги сайловлар мутлақо янги шакл ва мазмун касб этгани, бу Осиёнинг кўпгина давлатлари учун катта тажриба экани алоҳида таъкидланди.

– Тошкент шаҳридаги бешта сайлов участкасида бўлдим, – дейди Муҳаммад Ризо Мажидий. – Барчасида сайловчилар овоз бериши учун зарур шароитлар яратилган. Янги сайланган депутатлар халқ фаровонлигини юксалтириш, парламент дипломатиясини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.

***

Олий Мажлис Сенати аъзолари сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Грузия парламенти депутатлари билан ҳам учрашди.

Томонлар Ўзбекистонда ўтган сайлов ва икки мамлакат парламентлараро муносабатларини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Ўтказилган сайлов ҳақида сўз борар экан, Грузия парламенти аъзолари овоз беришнинг барча босқичларида фуқароларнинг юқори даражадаги фаоллиги кузатилганини қайд этди.

***

Миср Араб Республикаси Вакиллар Мажлиси Ижтимоий бирдамлик, оила ва ногиронлар қўмитаси раиси Абдулҳодий Аҳмад Абдулҳодий Ал-Касабий билан мулоқотда фуқароларнинг сайловга қизиқиши юқори экани қайд этилди.

Ўзбекистонда қонунчилик органлари томонидан сайлов ҳуқуқи ва жараёнига киритилган ўзгартиш ва янгиликлар халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келиши билдирилди.

Мисрлик меҳмон янги Сайлов кодекси мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.

***

Куннинг иккинчи ярмида Сенат аъзолари халқаро кузатувчи –Малайзия ташқи ишлар вазирлиги Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик департаменти бошлиғи Муҳаммад Азҳар Маслан билан учрашди.

Учрашувда мамлакатимизда юқори даражада ташкил этилган сайлов ва унга кўрилган ҳозирлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди.

Муҳаммад Азҳар Маслан таъкидлаганидек, сайловлар депутатликка номзодлар ўртасида ҳалол рақобатни намоён қилди. Буни сиёсий партиялар вакиллари иштирокида ўтган дебатлар ҳам тасдиқлайди.

– Бухоро шаҳридаги сайлов участкаларида бўлиб, одамларнинг овоз бериш жараёнига оилавий келганига гувоҳ бўлдим. Бунинг барчаси ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Тадбирда томонлар мазкур сиёсий тадбир чинакам демократик андозаларга мувофиқ ўтгани, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини яна мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА