ШҲТ кузатувчилари Ўзбекистонда сайловлар муваффақиятли ўтганини эътироф этди

Халқаро матбуот марказида мамлакатимизда бўлиб ўтган парламент сайловларини кузатиш учун юртимизга ташриф буюрган ШҲТ миссияси вакиллари иштирокида пресс-брифинг бўлиб ўтди.

ШҲТ Бош котиби ўринбосари, ШҲТ кузатувчилари раҳбари Се Сяоюн миссия 15 йилдан бери фаолият юритаётгани, Ўзбекистонда фаолият олиб борган гуруҳ таркибида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Хитой, Покистон, Тожикистон каби давлатлардан 20 нафар кузатувчи борлигини таъкидлади.Ўзбекистонга 2019 йил 16 декабрь куни келган ШҲТ миссияси аъзолари сайлов кунига қадар сайловга тайёргарлик жараёни билан танишди. Ўзбекистонда сайловни демократик тарзда ўтказиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан қатор ижобий ишлар амалга оширилгани, хусусан, сайлов участкаларида сайловчилар учун барча шароит яратилгани, халқаро стандартларга мувофиқ келадиган, сайловга оид бир неча қонунларни бирлаштирган Сайлов кодекси қабул қилингани эътироф этилди.ШҲТ миссияси аъзолари Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги сайлов участкаларида бўлиб, тайёргарлик жараёни ва сайловнинг боришини бевосита кузатган.

Имконияти чекланган шахсларнинг сайловда иштирок этиши учун қулай шароитлар ҳозирлангани, муддатидан олдин овоз бериш имкониятлари яратилгани ҳам хорижий кузатувчилар диққатини тортди.

Аҳоли сайловларда фаол иштирок этди. Кузатувчилар сайловдан олдин ҳам, сайлов куни ҳам фуқаролар ҳеч қандай эътироз, шикоят билдирмаганини қайд этди.

Учрашув сўнггида ШҲТ мутасадди вакили Ўзбекистонда сайловлар шаффоф, демократик тарзда муваффақиятли ўтгани билан халқимизни табриклади.

 

ЎзА