Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Фаолият юритмаётган объектлар негизида ва кичик саноат зоналарида янги лойиҳаларни амалга оширишнинг мавжуд имкониятлари ва механизмлари» мавзуида семинар ташкил этилди.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Юнусов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Ҳусанов ва бошқалар мамлакатимизда бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари, бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш, уларни ишга тушириш, янги иш ўринлари яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 февралдаги «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, улар негизида янги иш жойлари барпо этиш вазифалари белгиланган.

Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида Идоралараро комиссия тузилиб, туманлардаги хусусийлаштирилган объектлар хатловдан ўтказилди. 394 объектнинг бўш турганлиги аниқланиб мулкдорлар билан ушбу объектларни ишлатиш бўйича музокаралар олиб борилди. Натижада, объектларда 239 инвестиция лойиҳаси шакллантирилди. Уларнинг 181 таси жорий йилда амалга оширилиши белгиланди.

Ҳозирги кунгача 39 бўш объект фаолияти қайта тикланди. 74 объектда қурилиш-таъмирлаш, 11 тасида янги ускуналарни ўрнатиш ва жиҳозлаш ишлари давом эттирилмоқда. 25 мулкдорнинг инвестиция лойиҳасини амалга ошириши учун тижорат банклари томонидан молиялаштириш масаласи ҳал этилди.

Шу кунгача янги лойиҳалар учун 485,1 миллиард сўм ва 4,7 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция жалб этилиб, 1 минг 600 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш учун 626,6 миллиард сўм ва 33,2 миллион доллардан ортиқ сармоя жалб этилади, 7 мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлашга эришилади. Мисол учун, Бектемир туманидаги «Zamintex Iplik» корхонаси 4,8 миллиард сўм инвестиция киритиши ҳисобига қўшимча 110 иш ўрни яратди. Натижада бўш объект замонавий корхонага айланди. Чилонзор туманида жойлашган «Osiyo Asaka Model» масъулияти чекланган жамиятига қарашли бинода бугунги кунда пойафзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг учун 950 миллион маблағ сарфланди. Корхонада 50 киши меҳнат қилмоқда.

Семинарда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан туманларда кичик саноат зоналарини ташкил этиш бўйича режали ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 9 кичик саноат зонаси ташкил этилди. Кичик саноат зоналари иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратилди. Ҳудудлардаги тадбиркорлар икки йил муддатга мулк ва фойда солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловидан озод қилинди.

Семинарда тадбиркорларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА