Чимбой, Беруний туманлари ва Нукус шаҳрида “Давлат объектлари ярмаркаси” ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида Чимбой, Беруний туманлари ва Нукус шаҳрида “Давлат объектлари ярмаркаси” ўтказилди.
Тадбирда Давлат активларини бошқариш агентлиги ходимлари, “Электрон онлайн-аукционларини ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси, корхона, ташкилот раҳбарлари, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ярмаркаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Оролбўйи табиий ресурслар ва кенг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг имкониятларга эга ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасида юксак натижаларга эришилмоқда.
e1b2f0f0-9ed6-41e7-92d9-489adc0997cb.jpg
Тадбир доирасида ташкил этилган брифингда тадбиркорларга ва оммавий ахборот воситалари вакилларига давлат активларини хусусийлаштириш жараёни, уларни савдоларга чиқариш ва сотиш тартиби, “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида рўйхатдан ўтиш ва унда жойлаштирилган лотлар бўйича савдоларда иштирок этиш тартиб таомиллари юзасидан тушунчалар берилди.
Ярмаркада электрон аукцион савдоларга чиқарилган 9 та давлат мулки объекти, жами 66,94 гектар майдондан иборат 582 та ер участкаси, ижара асосида фойдаланиш учун 22 та давлат объекти, сотилиши белгиланган 5 та корхонанинг давлат улуши, кичик саноат зоналари ва эркин иқтисодий зоналардаги бўш турган объект ва ер майдонлари таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида жорий йилнинг 11 ойи давомида бўш турган 74 та давлат мулки объекти “Е-ижро аукцион” ягона электрон савдо майдончасига чиқарилиб, шундан 65 таси 457 миллион сўмга 21,8 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 461 та янги иш ўрни яратиш шарти билан тадбиркорларга сотилди. Ушбу инвесторлар томонидан бугунги кунга келиб мазкур объектларга 963,4 миллион сўм миқдорида инвестиция киритилди. Айримлари эса мажбуриятларини муддатидан олдин бажариб, шартномада белгиланган фаолиятни йўлга қўйди ва иш ўринлари яратди.
b3f6f805-344f-46dd-ab13-7886d4fe8147.jpg
Шунингдек, 7 та объект 27,7 миллиард сўм ва 4,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 173 янги иш ўрни яратиш шарти билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали тадбиркорларга берилди. Натижада инвесторлар томонидан аҳоли учун фойда келтирадиган йирик лойиҳалар ишга туширилмоқда. Мисол учун, Нукус шаҳрида жойлашган, ташландиқ ҳолга келиб қолган «Коммунал иссиқлик маркази» ДУК балансидаги «РК-2-сонли қозонхона» бино ва иншоотлари “ТИТАН ДСЗ” масъулияти чекланган жамиятига импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шарти билан «нол» харид қийматида тўғридан-тўғри ажратилди. Инвестор томонидан 11,2 миллиард сўм ҳажмида инвестиция киритилди. Хитойдан 715 минг АҚШ долларлик технология келтирилди ва 30 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур корхонада ярим автомат кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
5ce50f3c-4678-41a7-89e4-2a03e116af91.jpg
–Ярмаркаларни ташкил этишдан мақсад, мавжуд ресурслардан фойдаланиш, бўш турган объектлар негизида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ташкил этишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи Ажиниёз Мнажов. – Энг асосийси, тадбиркорларга янада қулайлик яратиш ва янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашдир.
Дарҳақиқат, Қорақалпоғистон Республикасида бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилган. Мазкур тадбирлар бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА