Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Шерматов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси А.Саъдуллаев, Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори С.Бобохўжаев ва бошқалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим соҳасини ислоҳ қилиш, қобилиятли болаларни қўллаб-қувватлаш, улар учун шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
Таъкидланганидек, халқимизга хос фазилатлардан бири фарзанд тарбияси, унинг етуклиги, бахт-саодати учун яшаш ҳамда меҳнат қилишдир. Зеро, ўғил-қизининг ютуқларини кўриш ота-она учун улкан бахт.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида барча соҳалар каби таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги Президент мактабларини ташкил этиш, буни Қорақалпоғистондан – Нукус шаҳридан бошлашни таклиф этган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бугунги кунда Тошкент, Наманган, Хива шаҳарларида бўлгани каби Нукус шаҳрида Президент мактаби очилди.
Мактабда биринчи қўнғироқ чалиниб, дастлабки дарслар бошланди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мактаб қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 67 миллиард сўм маблағ ажратилди. Хусусан, замонавий лойиҳа асосида 168 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, шунча ўринга мўлжалланган уч қаватли ётоқхона, барча қулайликларга эга меҳмонхона, спорт заллари, бассейн, ошхона, дарсхоналар ўқувчиларга хизмат қилади. Барча зарур жиҳозлар Хитой ва Туркиядан келтирилди.
Мактабда ўқув жараёнлари қорақалпоқ, ўзбек тилларида, шунингдек, STEAM таълим дастури асосида олиб борилади. Математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари фанлари Буюк Британиянинг Cambridge University ташкилоти дастури асосида инглиз тилида ўқитилади. Маҳаллий ўқитувчилар билан бирга Кениядан, Буюк Британиядан ва Жанубий Африкадан саккиз нафар мутахассис таклиф этилди.
Жорий йилда мактабга 7 минг 500 ўқувчи ҳужжат топширган бўлса, шундан иқтидорли 144 ўқувчи Кембридж университети халқаро имтиҳон бўлимининг тажрибали мутахассислари томонидан танлаб олинди. Ҳар бир синфда икки гуруҳга бўлинган ҳолда 12 ўқувчидан жами 24 ўқувчи билим олади.
– Ушбу ўқувчилар сафида мактабга қабул қилинганимдан хурсандман, – дейди Амударё туманидан Шаҳриёр Шомуродов. – Бу ерда чуқур билим олишимиз учун барча шароитлар яратилган. Келгусида Президентимиз бизга билдирган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
Тадбир қатнашчилари Президент мактабида ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.