Мўйноқда янги объектлар фойдаланишга топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 9-мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси ҳамда сувни чучуклаштирувчи насос станцияси фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш, Орол фожиасидан азият чеккан ҳудуд аҳолиси ҳаётини яхшилаш бўйича вазифалар белгилаб берган эди.
Ўтган давр мобайнида ҳукуматнинг туманни жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастури бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
23.jpg
7.jpg
17.jpg
19.jpg
Жорий йилнинг Инвестиция дастурига киритилган 90 ўринга мўлжалланган 9-сонли мактабгача таълим ташкилотининг икки қаватли, барча қулайликларга эга биноси “Ёрқин қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан қуриб битказилди. Бунинг учун 2 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Ҳудудда яқин кунларда 7-сонли мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Мазкур овул фуқаролар йиғинининг “Мўйтен” аҳоли пунктидаги сувни чучуклаштирувчи насос станциясининг ишга туширилиши ҳам маҳаллий аҳоли учун туҳфа бўлди. Янгидан қуриб битказилган станция 520 та хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлайди. Шунингдек, Ерназар ва Кенес овуллари ҳудудларида сув тармоқларини таъмирлаш ишлари якунига етди. Мазкур иншоотда “Нукус қипчак қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 1 миллиард 956 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА