Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига замонавий тиббий-санитария, профилактика, диагностика, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал тизимини такомиллаштириш борасида кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, ушбу соҳада диагностика ва даволашнинг замонавий услубларини амалиётга изчил татбиқ этиш мақсадида илғор мамлакатларнинг тажрибалардан кенг фойдаланиш, маҳаллий шифокор ва мутахассисларнинг малакасини оширишда дунёнинг нуфузли тиббиёт марказлари ҳамда клиникалари билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси ҳам бу борада бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, элчихонанинг бевосита ташаббуси билан Германиянинг йирик клиникалари ҳамда тиббий техникалар ишлаб чиқарувчи компаниялари ҳамкорлигида Нукус шаҳридаги У. Холмурадов номли республика кўп тармоқли тиббиёт маркази қошида “ Германия-Ўзбекистон тиббий консультация ва диагностика маркази” ташкил этилди.
Ушбу Марказ учун Германиянинг “Heinemann Medizintechnik” ва “Greiner” компаниялари томонидан беғараз ёрдам сифатида ажратилган қулоқ, оғиз, бурун касалликларини даволашда қўлланиладиган, шунингдек жарроҳлик амалиётларини бажаришда фойдаланиладиган зарур тиббий ускуналар етказиб берилди. Шу билан бирга Германиянинг “KfW” банкининг имтиёзли кредити асосида MRT аппарати ҳам олинди, немис клиникалари врачлари билан телемедицина асосида консультациялар ўтказиш учун махсус хона жиҳозланди.
Таъкидлаш жоизки, элчихона томонидан шу йил Росток университети Жарроҳлик клиникасининг кўкрак жарроҳлиги бўлим бошлиғи, доктор Р.Ортернинг Нукусдаги ушбу Марказга ташрифи ташкил этилган эди. Германиялик врач 4 кун давомида ўзбек ҳамкасблари иштирокида бу ерда 6 маротаба жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди, 15 дан ортиқ беморни тиббий консультациядан ўтказди.
Шу кунларда Нукус шаҳридаги У.Холмурадов номли республика кўп тармоқли тиббиёт маркази қошида ташкил этилган ушбу “ Германия-Ўзбекистон тиббий консультация ва диагностика маркази”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилиши режалаштирилаётир.
Тадбир доирасида немис компаниялари ҳамкорлигида янги марказни тиббий жиҳозлар билан янада бойитиш имкониятлари, немис клиникалари билан алоқаларни кенгайтириш, биргаликда телемедицинани кенг қўллаш, врачларнинг Германияда малака оширишларини ташкил этиш каби масалалар муҳокама этилади. Шу билан бирга марказнинг очилишида иштирок этадиган германиялик врачлар маълум муддат давомида маҳорат-дарслари ўтиб ўзимизнинг шифокорлар билан биргаликда беморларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиши режалаштирилган.
ЎзА