Қорақалпоғистон РеспубликасиАдлия вазирлигида “Family day” (Оила куни) лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда вазирлик ходимларининг оила аъзолари, фарзандлари ота-оналари иш фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, “Адлия вазири билан учрашув”, “Сиз севган санъаткор”, “Спортчилар билан танишамиз”, “Ўйнаймиз- ўрганамиз” каби учрашув ва викториналар бўлиб ўтди. Жумладан, “Адлия вазири билан учрашув” тадбири давомида болажонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
“Эртаклар- яхшиликка етаклар”. Бу бежиз айтилган эмас. Чунки болаларимиз китоб ўқиш, эртак эшитиш орқали яхшилик ва ёмонлик, тўғрилик ва ёлғон, тартиб-интизом каби тушунчаларни ўзларида шакллантиради. Тартиб-интизом эса ҳуқуқий маданиятнинг асосий мезони ҳисобланади. Қорақалпоқ давлат Қўғирчоқ театри жамоаси томонидан тайёрланган спектаклнинг асосий ғояси ҳам шу.
– Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, ходимларнинг оила аъзоларини фаолиятимиз билан таништириш, ўзаро дўстона муносабатни янада мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг маданий дам олишини таъминлашдан иборат, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси Насиба Қутлимуратова. – Шу орқали ёш авлод онгида адолат, тартиб, қонун тушунчаларини ҳосил қилиш, шунингдек, уларда ҳуқуқ соҳасига қизиқиш уйғотилади.
Тадбир якунида барча иштирокчиларга вазирликнинг эсдалик совғалари топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА