Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр икки кунлик ташриф билан Оролбўйида бўлди.
Меҳмонни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов қабул қилиб, Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудда экологик вазиятни барқарорлаштириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, Туркия қурилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда жаҳонда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, янгидан барпо этилаётган «Нукус Сити» қурилишида, аҳоли саломатлигини мустахкамлашда ҳамкорлик икки томонлама ижобий самара беради. Жумладан, ўтган йили «Ўзбекистон-Туркия саломатлик ҳафталиги» доирасида туркиялик шифокорлар Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди ва зарур беморларга жарроҳлик амалиётларини ўтказди.
Қабул маросимида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТИКА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори Али Ихсан Чағлар элчи билан бирга бўлди.
Туркиялик расмий меҳмонлар Мўйноқ туманида, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида, Нукус шаҳридаги республика болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Қорақалпоқ давлат университетининг Туркия олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Жумладан, Отатурк университети билан Мевлана дастури асосида 2019/2020 ўқув йилида талабалар алмашинуви бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланган.
Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) мутахассислари томонидан Орол бўйи тиббиёт муассасалари шифокорларининг малакасини ошириш учун ўқув-семинари ташкил этилган эди. Тадбирда ушбу ўқув-семинарни муваффақиятли тамомлаганларга сертификатлар топширилди.
Меҳмонлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи каби диққатга сазовор жойларни томоша қилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА