Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Сўнгги икки йилда ижтимоий нафақа оладиганлар сони 1,3 бараварга, нафақа миқдори 2 бараварга оширилгани, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий қилингани қайд этилди.
Лекин тизим билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида Халқ қабулхоналарига ижтимоий нафақалар тайинлаш билан боғлиқ 36 мингта шикоят бўлгани ҳам шундан далолат беради.
Масалан, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини аниқлаш, ҳисобга олишнинг ягона мезони йўқ. Пенсия ва нафақалар миқдорини белгилашда муҳим омил бўлган истеъмол савати ва яшаш минимуми жорий қилинмаган. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳар доим ҳам эҳтиёжманд фуқароларга етиб бормаяпти.
Бундай ҳолатлар аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмига уй-жой ажратиш, мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадалидан озод қилиш каби масалаларда ҳам учрайди. Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларни уй ва иш билан таъминлаш, ёлғиз кексаларни парваришлаш, доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш борасида ҳам камчиликлар бор.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларни координация қиладиган яхлит тизим йўқ, бу масалалар билан ўттизга яқин давлат идоралари, ташкилотлар ва комиссиялар шуғулланмоқда.
Йиғилишда халқаро тажриба асосида бу соҳада бутунлай янги тизимни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Бунинг учун, аввало, ижтимоий кўмакка муҳтожларни аниқлаш ва уларни ҳисобга олиш, тўловларнинг манзиллилигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитасига халқаро ташкилотлар экспертларини жалб этиб, истеъмол савати ва яшаш минимумини ҳисоблаш тартиби ҳамда истеъмол меъёрларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Уни аввал муайян шаҳар ва вилоятларда тажрибадан ўтказиб, кейин амалга киритиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини аниқлаш ва нафақа тўлашнинг аниқ мезонларини (индикаторларини) жорий этиш, ижтимоий ёрдам олувчиларнинг ягона реестрини шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.
Бу реестрнинг афзаллиги шундаки, солиқ, ички ишлар, кадастр, банк, соғлиқни сақлаш, пенсия, меҳнат, коммунал ва маҳалла идоралари маълумотлари ягона базага бирлаштирилади. Натижада ҳужжатларни йиғишга кетадиган вақт ҳозирги бир неча кундан бир неча соатга қисқаради, фуқаролар битта идорага мурожаат қилиш билан барча масалаларни ҳал эта олади.
Ижтимоий ҳимоя фақат нафақа тўлаш билан кифояланмасдан, балки муҳтожларнинг “оёққа туриши”га кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди. Мисол учун, ногиронлиги бўлган шахсларга тегишли меҳнат шароити яратиб бериш орқали уларнинг 80 фоизини фойдали меҳнатга жалб қилиш мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ногиронлик гуруҳлари бўйича касблар классификаторини қайта кўриб чиқиш, уларнинг ишлашига қўшимча имкониятлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, шу жумладан, уларни иш билан таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтиш орқали пенсия бадалини тўлашдан манфаатдорликни ошириш зарурлиги таъкидланди.
Бунда, биринчи даражада давлат минимал пенсия миқдорини белгилайди. Иккинчи даражада ходимнинг иш ҳақидан муайян сумма ушланиб, унинг шахсий ҳисоб-варағида тўпланади ва Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган фоиз ҳисоблаб борилади. Учинчи даражада ходим пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди.
Бу тизим қўлланилса, фуқаро кафолатли давлат пенсиясини олиш билан бирга ўз хоҳишига қараб, пенсия ёшида қанча пенсия олишини ўзи белгилаш имконига эга бўлади.
Шу боис Молия вазирлигига Жаҳон банки ва нуфузли молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, ижтимоий суғурта турларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги тизимни “шок терапияси” усулида ислоҳ қилиш аҳолининг ҳар хил қатламига турлича таъсир этишини алоҳида таъкидлаб, мутасаддиларга 2030 йилгача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг учун 2020 йил биринчи ярми якунигача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича янги тизимни ҳар бир ҳудудда экспериментдан ўтказиш вазифаси қўйилди.
Ёлғиз кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яшаш жойи бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича чора-тадбирлар белгиланди.