“Тоғлардек баланд бўл”

Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси драматург Қўчқор Норқобилнинг шу номли драмаси асосида Ғофур Мардонов режиссёрлигида саҳналаштирилган спектакл намойиши билан Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмалари жойлашган шаҳарларда ижодий сафарда бўлди.
Спектакл даставвал улуғ бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий номи билан аталадиган шаҳардаги буюк шоирнинг абадиятга дахлдор асари қаҳрамони шарафига “Фарҳод” деб номланган маданият саройида намойиш этилди.
Томоша Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, таниқли санъаткор Ёдгор Саъдиевнинг дилрабо қўшиғи, Навоий ва навоийликларга дил истаклари билан бошланди.
Спектаклда асар бош қаҳрамони бўлган Қодирбекнинг болалиги, ўспиринлиги, ўқиб, кон-металлургия соҳаси сир-асрорларини пухта эгаллаб, йирик комбинат директори лавозимигача босиб ўтган ҳаёт йўли мисолида ўзбек халқининг ўтган аср етмишинчи йиллари ва бугунги куни таъсирчан тарзда акс эттирилган. Саҳна кўринишлари Қодирбек ва онасининг ўзаро мулоқотлари, ён-атрофларида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатлари асосида қурилганлиги томошабинга асарнинг туб моҳиятини чуқурроқ етказиб беришга хизмат қилган.
photo5379771435792313518.jpg
Қодирбек ёшлигиданоқ келгусида билимли бўлиб, бу халқ пахта етиштиришдан бошқа катта ишларга ҳам қодир эканлигини исботлашга аҳд қилади ва бунга эришади. Оддий қишлоқ йигити институтни тугатиб, ҳаётнинг қийинчиликларини мардонавор енгиб, йирик корхона директори даражасигача бориб етади. Онанинг спектакл охирида янграган “Сен ҳали юртингга, халқингга кўп керакли ишларни қиласан, тоғлардек баланд бўл, баланд бўл болам!”, деган сўзлари томошабинда Қодирбек онасининг ниятларини рўёбга чиқариши, юрт фаровонлиги йўлида эзгу ишларга бош бўлишига ишонч туғдиради.
Спектаклда бош ролларни ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар М.Раҳматов, М.Боботуллаева, шунингдек артистлар А.Сайназаров, С.Умарова, О.Тўрақулова, Ф.Ботиров, И.Ахмадалиев, Д.Насриддинов, А.Набиев, Ф.Зияевлар саҳнада юксак ижрочилик маҳоратини намойиш этди.
photo5379771435792313519.jpg
“Тоғлардек баланд бўл” спектаклида даврнинг долзарб мавзуси – замонамиз қаҳрамонларининг ҳаёти саҳнага олиб чиқилган. Асар томошабинлар, айниқса ёшларни ватанпарварлик, касбга садоқат, мустақилликнинг бебаҳо неъмат эканлигини теран англаб, бугунги ёруғ кунларимизнинг қадрига етиш, Яратганга беҳисоб шукроналик айтиш ва энг муҳими, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасининг ижодий сафари Учқудуқ, Зарафшон шаҳарларида давом этди.
НКМК Матбуот маркази.

 

ЎзА