Сайловга муносиб ҳозирлик кўрилмоқда

Сайлов – 2019
Нукусда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди.
Унда партия Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти якунлари танқидий руҳда таҳлил этилиб, партиянинг кейинги фаолиятидаги устувор вазифалар, чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, партия Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига партиядан сайланган депутатлар, конференция делегатлари иштирок этди.
Кун тартибида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг ҳамда Назорат-тафтиш комиссиясининг ҳисобот давридаги фаолияти, 2019 йилда 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб иштирок этиши ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг съездига делегатлар сайлаш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида улкан қадамлар ташланди. Бу жараёнда мазкур партия ҳам фаол иштирок этиб, ижтимоий-сиёсий масалаларда ўзининг қатъий позициясини кўрсатди.
Бугунги кунга келиб, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошланғич партия ташкилотлари сони 631 та, партия аъзолари сони эса 18 минг 858 нафарни ташкил қилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракция аъзолари сони 15 нафар, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида 80 нафар, жами 95 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Ўтган ҳисобот даврида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Жўқорғи Кенгес ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар 1274 депутатлик сўровини амалга оширди. Партия депутатлик гуруҳлари томонидан 179 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. Маҳаллий Кенгашлар сессияларига 129 ташаббус билан масала киритилди.
Уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш мақсадида маҳаллаларда истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган, вақтинча ишсиз хотин-қизларни қўшимча бепул касб-ҳунарга ўргатиш учун “Хизмат – беминнат” лойиҳаси ташкил этилди. Лойиҳа доирасида ўтган ҳисобот даврида 191 бепул ўқув курси ташкил қилинди. Ўқув курсларида мингдан ортиқ уюшмаган ёш ва хотин-қизга қўшимча бепул таълим берилди ҳамда касб-ҳунар ўргатилди.
“Уйма-уй” лойиҳаси доирасида эса жами 2 минг 395 хонадонга кирилди. Учрашувлар натижасида 300 дан зиёд ёш ва хотин-қиз ишга жойлаштирилди. Шунингдек, имтиёзли кредит олишга амалий ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди дастурида мавжуд маданий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори-атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлаш каби масалалар белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда партия томонидан юртимизда маданий мерос объектларини муҳофаза этишга, уларни қайта таъмирлаш-тиклаш ишларига, маданий мерос объектларини имкон қадар асл кўринишида сақлаб қолиш ҳамда умуминсоний қадриятлар билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Демократик сайловлар – мустаҳкам демократик тамойиллар ифодаси. Ўз навбатида, сайлов, мамлакат учун, сайланувчи ва сайловчилар учун ҳам чинакам синов ҳисобланади. Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, фуқаролик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”.
Давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига бўладиган навбатдаги сайловларда муносиб иштирок этиш барча сиёсий партиялар сингари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси учун ҳам катта аҳамиятга эга. Шунинг учун барча даражадаги партия ташкилотларининг асосий фаолияти ушбу сайловларда энг олдинги қаторда бўлиш масаласига эътибор қаратилмоқда.
Конференцияда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг навбатдаги қурултойига делегатлар сайланди ва кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА