VII Европа кинофестивали: Кинорежиссёр Дайнис Клаава билан ижодий учрашув

Ўзбекистонда VII Европа кинофестивали бўлиб ўтмоқда. Маданий тадбир доирасида Тошкент, Нукус, Урганч ва Жиззах шаҳарлари кинотеатрларида Австрия, Венгрия, Германия, Дания, Италия, Латвия, Голландия, Финляндия, Франция ва Швеция фильмлари намойиш қилинмоқда.
Шу билан бирга, европалик таниқли кино усталари иштирокида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ҳам ташкил этилаётир. Улардан бири 22 октябрь куни “Ўзбеккино” Миллий агентлигида бўлиб ўтди.
Ижодий учрашувда Латвиянинг етакчи кинорежиссёрларидан бири Дайнис Клаава “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ижодий жамоаси билан мулоқотда бўлди.
Дайнис Клаава “Sea of Attractions” (Денгизнинг диққатга сазовор жойлари), “Lake Lubаns: Squaring the Circle”(Любанс кўли: айлана бўйлаб квадрат), “European Union” (Европа Иттифоқи) каби ҳужжатли фильмлари билан танилган. Режиссёрнинг қатор фильмлари халқаро кинофестивалларда эътироф этилган. Улардан бири “The Naivists” (Ҳаваскорлар) номли кино асари. Ушбу фильм ранг-тасвир санъатидан завқланадиган инсонлар ҳақида.
Ўзаро мулоқотда “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси директори Баҳодир Одилов меҳмонни мамлакатимизда кино соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиликлар билан таништирди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида «Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан 2020 йилда 30 бадиий, 60 қисмли 30 ҳужжатли, 15 мультипликацион фильмлар, 10 соатли қисқа метражли ва юмористик киножурнал ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Мулоқотда Дайнис Клаава ҳужжатли фильмлар ишлаш соҳасида латвиялик мутахассислар тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Рига киностудиясида чуқур мазмунли, оригинал ҳужжатли фильмлар яратилган. Улар орасида 1967 йилда суратга олинган Улдис Браунснинг «235 000 000» фильми алоҳида ўринга эга. Кино асарнинг номланиши рамзий маънода бўлиб, ўша даврда собиқ иттифоқ ҳудудида яшаган аҳоли сони 235 миллионни ташкил қилган. Фильм турли тақдирлар ҳақида ҳикоя қилади.
Латвия ҳужжатли фильмлари тарихи ҳақида гап кетганда, 1986 йилда Юрис Подниекс томонидан яратилган «Ёш бўлиш осонми» афсонавий фильмини ёдга олмасликнинг иложи йўқ. Мана шундай сара фильмлар қаторига Ивар Селецкиснинг «Поперечная кўчаси» (1988 йил) ва Херц Франкнинг «Ўн дақиқага катта” (1978) ҳужжатли кино асарларини киритиш мумкин.
Бугунги кунда ҳам Латвияда ҳужжатли кино соҳаси тараққий этмоқда. Йилига ўнлаб ҳужжатли фильмлар суратга олиниб, уларда ўтган асрдаги кино мактаби анъаналари кўзга ташланади.
Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси вакиллари ҳам иштирок этиб, ўзбекистонлик кино мутахассислари европалик яна қайси кинорежиссёрлар билан ижодий мулоқот қилиш истагида эканлигига қизиқди. Навбатдаги маданий тадбирлар ана шу таклифлар асосида ташкил этилади.

 

Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА