Давлатимиз раҳбари 24 октябрь куни Чилонзор туманидаги “Ориент керамик” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда рақобатбардош, янги турдаги экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва ушбу маҳсулотларга бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг имкониятлар яратмоқда.
Президентимиз 2017 йил Чилонзор туманига ташрифи доирасида “Ориент керамик” корхонаси лойиҳаси билан танишган, уни ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шундан сўнг корхонага Чилонзор туманидаги саноат зонаси ҳудудидан 3,6 гектар жой ажратилди. Ўтган давр мобайнида замонавий корхона биноси қад ростлаб, хориждан керамика маҳсулотлари ва кафель ишлаб чиқарадиган ускуналар келтириб ўрнатилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди.
Жорий йилнинг июль ойида ўз фаолиятини бошлаган корхонанинг умумий қиймати қарийб 14 миллион доллар бўлиб, йилига 3,6 миллион квадрат метр керамик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига эга. Айни пайтда бу ерда 270 ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, масъулияти чекланган жамият маҳсулотлари деярли 100 фоиз маҳаллий хомашёдан тайёрланмоқда. Шу боис, бу ерда тайёрланаётган кафеллар хорижникидан бир неча баробар арзон нархларда ички бозорга чиқарилмоқда.
Айни пайтда корхона маҳсулотларининг 30 фоизи Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг июль-август ойларида 500 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилган.
Президентимизга “Ориент керамик” МЧЖ томонидан 2020-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланган лойиҳа ҳақида ҳам маълумот берилди.
Умумий қиймати 25 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида йилига 7,3 миллион квадрат метр импорт ўрнини босувчи катта ўлчамдаги керамогранит кафеллар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ушбу маҳсулотлардан асосан бино ва иншоотларнинг ташқи қисмини безашда фойдаланилади. Корхона ишга тушгач яна 700 янги иш ўрни яратилади.
Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётган ушбу лойиҳа натижасида 120-60, 90-30, 80-40, 80-80 ўлчамдаги замонавий кафеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳозирда ана шундай маҳсулотлар мамлакатимизга тўлиқ импорт қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу жамият негизида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида кичик корхоналар ташкил этиш, логистикага қулай жойлар ажратиб, уларни керамик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кластер тизимида ишлатиш, товарларни кўпайтириб, нархни тушириш эвазига экспорт ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Шу ерда Тошкент шаҳрида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Тошкентда саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида 171 лойиҳани ҳаётга жорий этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарига Чилонзор тумани жанубий-ғарбий саноат ҳудудида амалга оширилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, 313 гектар майдонда ташкил қилинган 256 корхонада 9600 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.
Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар 1,6 триллион сўмлик махсулот ишлаб чиқарилган. Шунингдек, тумандаги “Tash pet” МЧЖнинг пэт-формалар ишлаб чиқариш, “Metal tech construktion” МЧЖнинг металл маҳсулотлари, ойнани қайта ишлаш, сендвич панеллар ишлаб чиқариш маркази, “Eklair cosmetiks” МЧЖнинг косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш маркази каби қатор лойиҳалар хусусида маълумот берилди.
Президентимиз ҳар бир лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА