Ирландиянинг Ookla компанияси 2019 йил июль ойи якунлари бўйича Speedtest.net хизмати томонидан тузилган, дунёдаги мобиль ва симли интернет тезлиги маълумотлари кўрсатилган Speedtest Global Index ойлик рейтингини эълон қилди.
Рейтинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон яна 4 позиция юқори кўтарилиб, белгиланган интернет тезлиги бўйича нисбатан ишончли ўсишни қайд этди.
Масалан, мамлакатимизда симли интернетнинг ўртача тезлиги 2018 йилнинг июль ойидаги секундига 8,58 мегабитдан 2019 йилнинг июль ойида секундига 18,92 мегабитга ўсди. Мамлакатимиз 177 мамлакат умумий рейтингида 112-ўринни эгаллади.
Мобиль интернет тезлиги бўйича эса Ўзбекистон 4 позиция пастга, 136-ўринга тушиб, яна ўз позицияларини бой берди. Бир йил мобайнида мобиль интернет тезлиги мамлакатимизда деярли ўсмади, рейтингнинг бошқа иштирокчи давлатларида у ўсишдан тўхтагани йўқ.
Speedtest.net хизмати ўз уланишлари тезлигини текшириш учун хизматдан фойдаланадиган фойдаланувчилардан олинган ўз маълумотлари асосида тезликни аниқлайди ва рейтингни шакллантиради.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА