Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг 33 йиллиги муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида маънавий-маданий тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурматни ошириш ва уларда ўз Ватанига садоқатли бўлиш туйғусини шакллантириш, шу билан бирга миллий рамзларга бўлган муҳаббатни оширишдан иборат.
Тадбирда миллий гвардия, ички ишлар, спорт чемпионлари, маҳалла фаоллари, мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари, “Бўстон” интер академияси ўқувчилари миллий байроғимиз атрофида бирлашиб, юриш марофонида фаол иштирок этди.
Тадбирнинг асосий қисми туман санъат саройида давом этди. Санъаткорлар томонидан ранг-баранг қўшиқлар ижро этилди. Миллий маданиятимизни акс эттирувчи ижодий чиқишлар тақдим этилди ва ёшларимизда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга хизмат қилди.
Тадбирлар Ажиниёз номидаги Нукус Давлат педагогика институтининг Элликқалъа педагогика факультетида “Байроғимиз – ғуруримиз” шиори остида иншолар танлови, 61 ва 47-мактаблар ҳамкорлигида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” мавзусида маънавий тадбир, 22-умумтаълим мактабида буюк Қорақалпоқ шоири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий кечага уланиб кетди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири