Мўйноқда “Маҳаллалар боғи” барпо этилмоқда
“Яшил макон” ташаббуси барча мўйноқликларни муваффақиятли ишлар йўлида бирлаштирган умуммиллий ҳаракатга айланди.
Муҳими, бу борада амалга оширилган ишлар натижасида ҳудудлар ободонлаштирилиб, файзли масканлар барпо бўлмоқда. Туман секторлар раҳбарлари, муассаса, корхона бошлиқлари иштирокида тумандаги янгидан барпо этилаётган “Маҳаллалар боғи”га мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Хайрия ёрдами кўрсатилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси ва Ўзбекистон ХДП Кегейли тумани кенгаши томонидан “Маҳаллада ижтимоий хизмат” лойиҳаси доирасида хайрия тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Бахитжан Ҳабибуллаев ўз сайлов округи ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳолидан хабар олди. Депутат томонидан “Қуёшли”, “Бахтли”, “Халқабад” ва “Гужум терак” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Танловга старт берилди
Амударё муҳандислик техникумида “Конституция билимдони” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, “Адолат” СДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган танлов иштирокчилари беш шарт бўйича ўз билимларини синаб кўрди.
Танлов якунига кўра биринчи ўринни Севара Ешмуротова эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни Соҳиба Жумамуродова, учинчи ўринни Мафтуна Раҳимова эгаллади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири