Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи

Нукус шаҳри ва туманларда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида байрам тантаналари, халқ сайиллари давом этмоқда.
Президентимизнинг шу йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги махсус қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилди. Жорий йилги байрамнинг “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилишида чуқур маъно бор. Ҳар йилгидек, жорий йилда ҳам байрам арафасида бир қатор ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектлар фойдаланишга топширилди.
19.jpg
Бугунги кунда юртимизнинг барча гўшалари каби Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари янгича чирой очиб, улкан қурилиш, ободонлаштириш майдонига айланди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулотлар кўлами 7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, йил охиригача бу кўрсаткич 15 триллион сўмга етказилиши режалаштирилган.
Ўтган олти ой давомида қурилиш ишлари 45, инвестициялар ҳажми 19,4, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 8,4, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 5,4, хизматлар кўлами 18 фоизга ўсганлиги иқтисодиётнинг тез суръатлар билан ривожланаётганидан далолатдир.
Президентимизнинг жорий йил 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи, шунингдек, Нукус шаҳрида фаоллар билан бўлган учрашуви улкан тарихий воқеаларни, қувончли дамларни, тараққиётимизнинг янги босқичини ўзида жамлади.
Бўлиб ўтган учрашувларда Давлатимиз раҳбари Оролбўйининг ривожланишида беш асосий вазифани белгилаб берди. Аҳоли хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, 2019-2022 йилларда жами 14 триллион 684 миллиард сўмлик 697 лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобига 14 мингга яқин янги иш ўрни яратиш вазифалари белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилгани Давлатимиз раҳбарининг шу заминда яшаётган буюк халққа бўлган юксак эҳтиром ва ғамхўрлиги намунасидир.
Президентимизнинг ташрифи давомида алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири бу чорвачиликка ихтисослашган Бўзотов туманининг қайта ташкил этилиши бўлди. Ушбу тарихий воқеани Қорақалпоғистон Республикаси, шу жумладан, туман аҳолиси катта хурсандчилик билан кутиб олди.
Туман марказида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида байрам тантанаси бўлиб ўтди. Байрамга ташриф буюрган аҳолининг, жумладан, ёшлар ва хотин-қизларнинг кайфияти, кўзларидаги эртанги кунга ишончни, Президентимизнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан мамнунлигини кўриб, мана шундай бахтли, тинч ва осойишта юртда яшаётганингизга ғурур в ифтихор туйғусини туясиз.
“Жойларда, олис туман, қишлоқ ва овулларда бўлиб, янги-янги иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни жорий этишга, одамлар нима билан яшаяпти, уларнинг аҳволи, кайфияти қандай эканини яқиндан билишга, уларни қийнаётган муаммоларни ечиш учун ёрдам беришга интиламан“, – деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида. Бу одамларимиз қалбида келажакка ишонч уйғотиб, уларни янги, улкан марралар сари руҳлантирмоқда.
Дарҳақиқат, буни сўнгги йилларда Оролбўйида юз бераётган ўзгаришлар мисолидан ҳам кўришимиз мумкин.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, М.ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА