Янги ўқув йилида янги ҳуқуқий дарсликлар

Сифатли таълим ўз-ўзидан сифатли, мукаммал дарсликларни тақозо этади.
Давлатимиз раҳбари ҳам мактаб таълими соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлигини алоҳида таъкидлаган.
Бу борада Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуққа оид фанлар бўйича мактаб дарсликлари замонавий таълимга қўйилаётган талаблар асосида ўрганилди. Бунда дарсликларнинг ҳуқуқий билим ва тушунчаларни қамраб олганлик даражаси, мазмун-моҳияти ҳамда мақсадга мувофиқлиги таҳлил этилди.
Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълум қилишларича, 8-синфлар учун мўлжалланган “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари”, 9-синф учун “Конституциявий ҳуқуқ асослари”,
10 ва 11-синфлар учун “Давлат ва ҳуқуқ асослари” дарсликлари ҳатто олий ўқув юртлари талабалари тушунмайдиган даражада мураккаб ёзилганлиги, қолаверса, уларда эски маълумотлар келтирилганлиги, ўқувчиларга берилган топшириқларда айрим мантиқий хатолар мавжудлиги аниқланди.
Шундан келиб чиқиб, камчиликларни бартараф этиб қайта нашр қилиш юзасидан Адлия вазирлиги Халқ таълими вазирлигига таклифлар киритган.
Бунинг натижасида 8-синфлар учун “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари”, 9-синф учун “Конституциявий ҳуқуқ асослари” янги авлод дарсликлари нашр қилиниб, бошланаётган ўқув йилидан эътиборан ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларни ушбу дарсликлардан ўзлаштиради. Улар дизайн жиҳатдан ўқувчиларнинг ёш ва психологик ҳусусиятидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилган.
Янги авлод дарсликлар янги қабул қилинган қонунлар ва ҳуқуққа доир маълумотлар, қонунчиликдаги вояга етмаганларнинг жавобгарлигидаги ўзгаришлар, шахс ва жамият муносабатлари ҳамда шахснинг жамиятдаги ўрни каби мавзулар билан бойитилган.

 

ЎзА