Мустақиллик байрамини янги уйда нишонлаётган оилалар

“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!”
Қорақалпоғистон Республикасида бир гуруҳ кам таъминланган оилага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида бунёд этилган янги уй-жойларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан Қораўзак туманида байрам тадбири ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, Нукус, Қораўзак, Кегайли, Амударё, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот, Хўжайли, Чимбой, Элликқалъа, Бўзатов туманлари ва Нукус шаҳрида қурилган уйларнинг калитларини олган 30 оила вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари О.Ҳамроев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси У.Жалменов ва бошқалар йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами билан қутлади.
Таъкидлаш жоиз, Тахтакўпир туманида жорий йилнинг февраль ойида 6 та, март ойида Тахиатош шаҳрида 60 та, июнь ойида Тўрткўл туманида 5 та, жами 71 та кам таъминланган оилага уй-жой топширилган эди.
– Уй-жойимда ёнғин содир бўлганлиги туфайли ўғлим, келиним ва неварам билан ижарада яшаб келаётгандик, – дейди Нукус туманилик З.Султамуротова. – Оилавий шароитимни ҳисобга олиб ўзим истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 5 хонали уй-жой берилди. Мамлакатимизда ёрдамга муҳтож инсонлар ҳамиша давлатимиз эътиборида. Буни ҳамиша ҳис қилиб турамиз. Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигини янги уйда нишонлаётганимиздан хурсандмиз.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА