Президент Шавкат Мирзиёев «Шарқ тароналари» халқаро фестивалини ёритиш учун келган маҳаллий ва хорижий блогерлар билан суҳбатлашди.
– Кейинги йилларда Ўзбекистон дунёга очилмоқда ва халқаро ҳамжамиятга ҳақиқатни етказишга интилиш бор. Энг муҳими, муҳокама қилиш, танқид қилиш мумкин, – деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимиздаги ислоҳотларни, маданиятимиз, тарихий обидаларимизни бутун дунёга тараннум этишда блогерларнинг ўрни катта эканини таъкидлади.
– Сизларни жонажон Ўзбекистонимизда, қадимий цивилизация маркази Самарқандда кўриб турганимдан жуда хурсандман. Бугун биз Ўзбекистоннинг янги тарихини яратяпмиз. Мақсадимиз – халқимизга хизмат қилиш, одамларни рози қилиш ва келажакка ишонч билан қарашини таъминлаш. Бунга сизлар ҳам ҳисса қўшасизлар деб ишонаман, – деди Президент.
– Орангизда ўзимизнинг қоракўзларимизни кўриб турибман. Бу менга ифтихор бағишлайди. Билингки, Президент сизларни доим қўллаб-қувватлайди, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Мулоқот сўнгида Президент блогерлар билан суратга тушди, уларнинг фаолиятига муваффақиятлар тилади.
ЎзА