Президент мактаблари: ҳар бир билимли бола эътиборда!

Ҳар бир ота-она фарзандини юқори савияга эга бўлган мактаб ва муассасаларда таълим олишини хоҳлайди. Мамлакатимизда фаолияти йўлга қўйилган Президент мактабларига имтиҳон очиқ ва адолатли ташкил этилганлиги кўплаб эътирофларга сабаб бўлди.
Президент мактабларига имтиҳон топшириб, керакли баллни тўплай олмаган, аммо юқори балл тўплаган ўқувчилар бошқа ихтисослаштирилган мактабларда таҳсил олишни давом эттиришлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг қўшма қарори билан Президент мактабларининг асосий имтиҳонларида иштирок этган, юқори балл йиғиб, ўқишга қабул қилинмаган номзодларни имтиҳонсиз, қўшимча квота асосида қабул қилувчи ихтисослаштирилган таълим муассасалари рўйхатини тасдиқлади.
Қўшма қарор билан тасдиқланган рўйхатга Қорақалпоғистон Республикасида 11 та, Наманган вилоятида 20 та, Хоразм вилоятида 20 та ва Тошкент шаҳрида 14 та ихтисослаштирилган мактаблар киритилган.
Мазкур мактабларда Президент мактабларининг 5- ва 7-синфида ўқиш истагини билдирган ва асосий имтиҳонларда 25-ўриндан бошлаб, энг юқори натижа кўрсатган ўқувчилар баллар кетма-кетлигида, қўшимча квота асосида ўрнатилган тартибда ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилинади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари қўшимча квота асосида 1 минг 100 нафар ўқувчини 5-синфга ва 525 нафарини 7-синфга ўқишга қабул қилади.
Ота-оналар ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳудудий халқ таълими бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига мурожаат этишлари мумкин. Шу билан бирга мактаб вакиллари ҳам ота-оналар билан боғланади.

 

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА