Нагояда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти бир ой намойиш этилади

14- августдан Япониянинг Нагоя шаҳрининг энг йирик савдо марказларидан бири – “OASIS 21” савдо марказида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиши бошланди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “OASIS 21” савдо маркази 2002 йилда фойдаланишга топширилган Япониядаги энг йирик савдо марказларидан бири эканини қайд этмоқда. “OASIS 21” Нагоя телеминораси ёнида жойлашган бўлиб, замонавий ресторанлар, савдо дўконлари ва маданий-кўнгилочар мажмуаларга эга.
Мазкур ролик намойиши Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, юртимизга сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Қайд этиш жоизки, Япониядан Ўзбекистонга 2018 йил январь-июль ойларида етти мингдан ортиқ сайёҳ келган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич қарийб 11 минг нафарни ташкил этмоқда. Йил якунига қадар уларнинг сони янада ортиши кутилмоқда, зеро туризм мавсуми ҳали давом этмоқда.

 

ЎзА