Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистондаги автомобиль бозори ҳолатини таҳлил қилиб, натижаларини мунтазам равишда тақдим этиб боради.

Октябрь ойида автотранспорт воситаларининг савдоси 102,3 минг донани ташкил этди. Бу ўтган ойга нисбатан 7 фоизга кам. Йиллик кўрсаткичда фаолликнинг сезиларли пасайиши 44 фоиздан кўпроқ қайд этилди.

Енгил автомобиллар сегментидаги вазият  

Енгил автомобиллар сегменти ўтган ойга нисбатан 6 фоиз камайган ҳолда 95,4 минг дона сотилган бўлса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сотувлар 43,3 фоизга сезиларли пасайганини кўрсатмоқда.

Ҳудудлар бўйича ушбу сегментдаги савдоларнинг энг катта пасайиши Тошкент шаҳрида – 18,4 фоиз, Фарғона – 17 фоиз ва Андижон – 14,4 фоиз вилоятларида қайд этилди.

Енгил автомобиллар бирламчи бозорида сотувлар ўтган ойга нисбатан 15 фоизга камайди, бу ўтган ойга нисбатан 6,2 минг автомобилга кам. Йиллик фаоллик эса 21,8 фоизга камайди.

Ой давомида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 20 фоизга камайди ва 30,2 мингта автомобилни ташкил этди. Йиллик кўрсаткичда 22 фоиз пасайиш кузатилди.

Хорижий енгил автомобиллар сегменти ўсиб бормоқда  

Октябрь ойида хорижий енгил автомобиллар бозорида сотувлар кўпайган. Ой давомида ушбу сегментдаги фаоллик 35 фоизга ошди, атиги бир ой ичида 4,7 мингта хорижий автомобиль сотилди. Бироқ, ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан сотувлар 20 фоизга камайди.

Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозори  

Октябрь ойида енгил автомобилларнинг иккиламчи бозоридаги вазият фаолликнинг пасайиши ва сотиш ҳажмининг ҳар йили сезиларли даражада пасайиши билан тавсифланади. Ушбу сегментда октябрь ойида 60,4 мингта енгил автомобиль сотилди. Бу олдинги ойга нисбатан 23 донага кам, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сотувлар икки баравар камайди.

Электромобиллар бозоридаги вазият  

Енгил электромобиллар сегменти фаолликнинг рекорд ўсишини кўрсатишда давом этмоқда. Октябрь ойида сотувлар ҳажми сентябрь ойига нисбатан 20 фоизга ўсиб, 5,1 минг дона электромобилни ташкил этди, сентябрь ойда эса 4,24 минг дона, август ойида 1,7 минг дона сотилган.

Ҳудудлар бўйича олиб борилган таҳлиллар электромобиллар сегменти фаол ривожланаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, энг кўп сотувларнинг ўсиши Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Йил давомида электромобиллар савдоси 87,5 фоизга ўсди. Бу 2,3 минг дона электромобилга тенг.

Ш.Маматуропова,  

ЎзА